Дори воситаси сотувига чек қўйилди
Навоий вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ, ИИБ ҳамда ИЖҚК департаменти ходимлари билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.
Фуқаро А.А “Express Mail Universal” МЧЖнинг Қўқон филиали орқали сотиш учун жўнатилган 15 минг 450 дона таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган дори воситаларини Навоий шаҳрида Ш.З. га топширган ва шартли харидорга 2 миллион 985 минг сўм пул эвазига бераётган вақтида ушланган.
Шундан сўнг тадбир Қўқон шаҳрида давом эттирилиб, А.А ўзининг яшаш хонадонидан ўз ихтиёри билан 8 қутида 240 дона, шунингдек, Тошкент шаҳри, Сирғали тумани, Порлоқ кўчасида жойлашган омбордан яна 199 қутида 5970 дона дори воситаларини топширган.
Тезкор тадбир натижасида жами 222 қутидаги 6600 дона дори воситалари вақтинча сақловга олинган. Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясининг экспертиза хулосасига кўра, текшириш учун тақдим қилинган дори воситасида “Сибутрамин” моддаси мавжудлиги аниқланган.
Айни пайтда фуқаро А.А. га нисбатан кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ва жўнатишда ифодаланган хатти-ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли банди билан жиноят иши қўзғатилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири