Фарғонада вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Дониёр Тошхўжаев журналистлар ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоятда йўл транспорт ҳодисаларининг кўплиги бўйича берилган саволга шундай жавоб берди.
– Вилоятимизда ўлим билан якунланган йўл транспорт ҳодисаларининг кўплиги мени энг кўп безовта қиладиган масала. Таҳлиллардан кўринадики ҳатто коронавирусдан ҳам кўра бу борада кўп одам вафот этяпти. Бир рақамга эътибор қаратмоқчиман. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 23 та қотиллик жинояти содир бўлган. Унинг биттаси ходимларимиз томонидан аниқланиб, мудҳиш воқеанинг олдини олишга эришилди. Афсуски, содир этилган ЙТҲларда эса 108 нафар киши ҳаётдан кўз юмган. Бу жуда ҳам аянчли. Биз йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўплаб ишларни олиб бормоқдамиз. Фото ва видеофиксация воситалари ишлаяпти, ҳатто дронларни ҳам учирдик. Аммо бу борада ҳали қилинадиган ишларимиз кўп. Аввало ҳайдовчилар, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишимиз керак.
Вилоят ички ишлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари билан яхши ҳамкорлик йўлга қўйган бўлиб, бу жамоатчиликка тез ва ишончли ахборот етказишда муҳим ўрин тутмоқда. Бу галги учрашувда ҳам журналистлар учун эркин мулоқот майдони яратилди.
Анжуманда давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи доирасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар борасида очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди. Шунингдек, 3-сектор ҳудудида “маҳаллабай” ишлаш тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича қилинаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Жорий йилда узоқ муддатдан яшаш манзилларига қайтган 1320 нафар ёшлар аниқланиб, уларнинг 607 нафари касб-ҳунарга ўқитилди ва 587 нафар ёшлар уста-ҳунармандларга бириктирилди.
Секторда “Ёшлар дафтари”га киритилганлар, узоқ муддатдан қайтган, таълим муассасаларини тамомлаган, уюшмаган ёшлар билан амалга оширилган тадбирлар натижасида 22 минг 913 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.
Журналистлар бошқарма бошлиғи билан юзма-юз гаплашиб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга асосланган жавоб олди.
М. Сулаймонов, ЎзА