Долзарб вазифалар муҳокама қилинди
Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти томонидан “Юқори самарали қишлоқ хўжалик машиналарини яратиш ва техника воситаларидан фойдаланиш даражасини оширишнинг инновацион ечимлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ўринбосари Баҳодир Эшчанов, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалардан келган экспертлар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Илмий муҳокамада мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва машинасозлик тармоқларини ривожлантиришда илм-фаннинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш борасида сўз юритилди.


Айниқса, халқаро илмий-техникавий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, илмий-инновацион фаолиятда олимларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда улар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорликни кучайтириш, илм-фанга иқтидорли ёшларни ҳамда инвестицияларни жалб қилиш айтилди.
Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда самарали ва рақамли технологиялар, юқори унумдор, чидамли, ресурстежамкор ва экологик хавфсиз машина ва механизмлардан фойдаланиш зарур. Маърузалар давомида Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш йўналишлари бўйича 450 нафарга яқин фан докторлари ва номзодлари тайёрланди. Олимлар томонидан олинган муаллифлик гувоҳномалари сони мингтадан ошган.


Охирги 5 йилда институт олимлари томонидан 30 дан зиёд Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитига мос, ресурстежамкор, экспорт ўрнини босадиган, янги қишлоқ хўжалиги техника воситаларининг параметрларини илмий асослаш, тажриба намуналарини яратиш ва синовлардан ўтказиш ишлари олиб борилган.
Бундан ташқари, халқаро конференция иштирокчилари томонидан қишлоқ хўжалиги тракторлари, транспорт ва юклаш-тушириш воситаларининг техник даражасини ошириш, ерга асосий ишлов берувчи машиналарда энергия сарфини камайтириш, ерларни экишга тайёрлаш машиналарининг ресурстежамкорлиги ҳақидаги масалалар муҳокама марказида бўлди.
А.Мусаев,ЎзА.