Коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш барчамизнинг вазифамиз бўлиши зарур. Хусусан, Президентимиз шу йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашиш доимий жараён эканини таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов раҳбарлигида ҳам ушбу муҳим ва долзарб масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президентимиз томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берган вазифалар атрофлича ўрганилди. Тошкент вилоят судида ўтказилган йиғилиш айни шу икки муҳим тадбирда таъкидланган масалаларга бағишланди.

Тадбирда вилоятнинг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) ҳамда туманлараро иқтисодий судлари судьялари иштирок этди. Йиғилишни вилоят суди раиси Д.Таджибаев кириш сўзи билан очиб, Президентимизнинг шу йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан суд тизимига боғлиқ масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда таъкидланган йўналишлар борасида бирма-бир тушунтириш берди. Жумладан, Олий суд раисининг Мурожаатномаси ҳар бир судья ва суд ходимининг иш столида бўлиши лозимлиги, тизимдаги ҳар бир ходим уни ўқиб, моҳиятини чуқур англаб етмоғи кераклигини таъкидлаб ўтди.

Вилоят суди раиси томонидан соҳада йўл қўйилаётган камчиликларга танқидий ёндашилиб, судьялар кесимида аниқ мисоллар келтирилди. Уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилиб, судьяларнинг асосий мақсади, одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг суд органларига ишончини мустаҳкамлаш экани алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда Судьялар Олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров иштирок этди.
А.Мусаев, ЎзА