Долзарб масалаларга бағишланди
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органларининг 2024 йил биринчи ярмида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолият натижаларига бағишланган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, шаҳар ва туман прокуратураларининг ходимлари, Департамент ҳамда МИБнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиқлари иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ўтган давр мобайнида 5 мингга яқин прокурор назорати асосида бир ярим мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилган, қарийб 6 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи амалда тикланган.
Қонунбузилишларни бартараф этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида икки ярим минг нафар шахснинг интизомий ва маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Текширишлар ва тергов ишлари давомида 87 миллиард сўмдан ортиқ зарар ундирилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 231 та жиноят иши қўзғатилган. Ходимлар аралашуви билан 672 миллиард сўмлик 169 та лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг 368 та янги иш ўрни яратилган, 226 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланган.

Йиғилишда энергетика соҳасида тежамкорликни таъминлаш, қурилиш соҳасида сифат ва муддатларга риоя этилишини назорат қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, бириктирилган ёшлар муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ ва муддатли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири