Мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда амалга оширилаётган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган кенг қамровли ташаббус ҳисобланади. Ушбу лойиҳа доирасида жойларда турли йўналишларда танловлар, семинар-тренинглар, спорт мусобақалари, давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, ёшлар билан тизимли ҳамда самарали иш олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида бир қатор маънавий-маърифий, спорт ва илмий тадбирлар самарали давом эттирилмоқда.


Лойиҳа доирасида институтда талабаларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган давра суҳбатлари, учрашувлар, очиқ мулоқотлар, спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Институтда талабалар ва ўқувчилар учун рус, инглиз тилидан қўшимча машғулотлар ўтилмоқда. Мазкур фаолиятлар ёшларнинг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини оширишга хизмат қилиб, уларни ватанпарварлик, жамоавийлик, масъулият ва етакчилик каби фазилатлар асосида тарбиялашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.


“Долзарб 90 кун” – бу нафақат маълум вақт оралиғидаги режа, балки институт ҳаётига ижобий ўзгаришлар, ёшлар қалбига эса илҳом ва рағбат олиб кираётган муҳим ташаббусдир. Шаҳрисабз давлат педагогика институтида бу ташаббуснинг изчил ва мақсадли амалга оширилаётгани ёшларнинг ҳар томонлама камол топишига мустаҳкам замин яратмоқда.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири