Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида талаба-ёшлар билан бирга умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳам ёзги таътилдаги бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Нукус шаҳридаги 32-сонли умумтаълим мактаби билан яқин ҳамкорликда ўтказилаётган қатор тадбирлар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамоавий ишлаш қобилиятини шакллантириш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу кунларда мактабда “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда спортнинг ақлий турлари – шаҳмат ва шашка бўйича беллашувлар ташкил этилмоқда. Беллашувлар давомида ёшлар ўз билимлари, мантиқий фикрлаши, диққати ва сабри орқали ўз салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўлдилар.
Таъкидлаш жоизки, олий ўқув юрти билан бундай ҳамкорлик — ёш авлодни мустақил фикрловчи, билимли ва фаол шахс этиб тарбиялашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, филиалнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган шахмат ва шашка мусобақалари ҳам ўқувчиларда стратегик таҳлил, тўғри қарор қабул қилиш, руҳий бардош каби кўникмаларни шакллантиришда самарали платформалардан бирига айланди.
“Долзарб 90 кун” лойиҳаси ёшлар ҳаётига ижобий туртки бераётган ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан ақлий спорт беллашувлари нафақат қизиқарли мусобақа, балки ҳар бир иштирокчининг иқтидорига йўл очувчи амалий мактабдир.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ўқувчилар Олий ўқув юрти раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
“Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасидаги бу каби интеллектуал ва маънавий-маърифий тадбирлар – эзгу мақсад сари биргаликда ташланаётган амалий қадамлар ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири