“Долзарб 15 кунлик” эълон қилинди
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан навбатдаги “Долзарб 15 кунлик” эълон қилинди.
Бундан кўзланган мақсад мамлакатимиз ҳудудларида етиштирилган анор ва хурмо мевалари тез кунларда пишиб етилишини ҳамда экспорт жараёнлари бошланишини инобатга олиб, уруғ ҳамда данак мевали боғларга жиддий зарар етказиб, экспорт ҳажмининг камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган “Комсток қурти” (Pseudococcus comstocki) ва “Анор мевахўри” (Euzophera bigella) зараркунандаларига қарши уйғунлашган курашни ташкиллаштириш, шунингдек, бу ҳақда кенг жамоатчилик орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида жорий йилнинг 6 октябрига қадар “Долзарб 15 кунлик” эълон қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Комсток қурти” коксидиялар кенжа туркумига кирадиган ҳашарот, ички ва ташқи карантин объекти ҳисобланади. Мазкур зараркунанда биринчи марта 1890 йилда АҚШнинг Калифорния штатида Д.Комсток томонидан топилган.
Унинг танаси узунлиги 3-4 мм, тухум қўйиш даврида 5-6 мм га етади. Танаси оқ мумсимон парда билан қопланган, четларида 17 жуфт мумсимон ўсиқ, шу жумладан, тана узунлигининг ярмигача борадиган иккита дум ипи бор. Урғочиси 600 га яқин тухум қўяди. Тухумининг катталиги 0,3 мм, овал шаклда. Дарахтлар ковагида, ўсимлик илдизларида, хазон орасида, девор ёриқларида тухумлик босқичида қишлайди.
“Комсток қурти” тут дарахтидан ташқари, шафтоли, анор, маккажўхори, картошка, карам, помидор, қовун, тарвуз ва бир қатор бошқа кўпгина дарахтсимон ва ўтсимон ўсимликларнинг танаси, поялари, шохлари, барглари, куртаклари, шона, ғунча, гуллари, меваларига ва 5-6 см чуқурликда тупроқдаги илдизларининг юқори қисмига зарар етказади (оқ момиққа ўхшаган қолдиқ қолдиради). “Комсток қурти” Ўзбекистонга 1939-йилда Япониядан келтирилган тут кўчатлари билан келиб қолган.
Ҳозирги кунда бутун Ўзбекистон Республикасида етиштирилаётган анор мевалари хавфли зараркунанда ҳисобланган “Анор мевахўри”дан зарарланмоқда. Бу эса республикамизда, хусусан, вилоятларимизнинг барча туманларида етиштирилаётган анор меваларининг экспортбоплиги пасайишига сабаб бўлувчи омил сифатида унга қарши курашда масъулият билан ёндашишни талаб этади.
“Анор мевахўри” дарахтдаги гул, шона ва меваларни бутун вегетация мавсуми давомида зарарлайди. Баъзан анор дарахтларининг пўстлоқларига ҳам зарар етказиб, уларни қувватдан кетгазиб қўяди.
“Анор мевахўри”нинг капалаклари қанотларини ёзганда 12-14 мм. Танаси 7-8 мм кулранг тусда бўлади. Тухуми оқимтир сариқ, юзаси ғадир-будир, катталиги 0,75-1 мм. Қуртлари 8-11 мм, оч кулранг, боши қўнғир-қора рангда бўлади. Ғумбаги 8-9 мм жигарранг бўлади.
Капалак умри давомида 100 тагача тухум қўяди. Қулай шароитда тухумнинг ривожланиши 5-7 кун давом этади. Тухумдан чиққан қуртлар косача ёки ёриқлар орқали мевалар ичига киради. Қуртнинг ривожланиши ёзда 20-25 кун давом этади. Қуртлар анор доначалари билан ва доналар ўртасидаги пардалар билан озиқланади. Қаттиқ зарарланган анор мевалари ёрилиб кетади. Озиқланишни тамомлаган қурт мева косачасида ёки унинг ичида, пўстлоғи атрофида пилла ўрайди. Мева кам бўлса, қуртлар шохлар пўстлоғи остидаги луб билан озиқланади. “Анор мевахўри”нинг ёзда тўлиқ етилиши 35-40 кун давом этади. Йил давомида 5-6 та авлод беради.
Жорий йил республика ҳудудларида етиштирилган анор ва хурмо маҳсулотларини “Комсток қурти” ва “Анор мевахўри”дан уйғунлашган ҳимоя қилиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар” дастурида белгиланган вазифаларга мувофиқ “Долзарб 15 кунлик” доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари томонидан анор ва хурмо боғларида фитосанитар дала назорати ўтказилади.
Мазкур назорат тадбирлари мобайнида республикамиз боғларида карантиндаги зарарли организм аниқланса, бир сутка ичида Агентликка хабарномалар юборилиши ва ушбу ҳудудни “карантин назорати остида” деб эълон қилиниши юзасидан туман ҳамда шаҳар ҳокимларига тақдимномалар киритилиши белгиланган.
Шунингдек, “Долзарб 15 кунлик”да хорижий давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган фитосанитар тоза анор ва хурмо маҳсулотларини қадоқлаш цехлари орқали халқаро фитосанитар талабларга мувофиқ экспорт қилиниши ҳам назоратга олинади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА