Диншуносликнинг долзарб муаммолари
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов очди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва бошқалар мамлакатимизда диншунослик ривожига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Zoom платформаси орқали ўтказилган конференцияда диншунослик бўйича бугунги ҳолат, истиқболдаги режалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Юртимизда турли миллат ва дин вакиллари истиқомат қилади, – деди Ҳомиджон Ишматбеков.
– Табиийки, нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда миллатлар, динлар, ғоя ва фикрларнинг турлича бўлгани табиий жараён саналади. Энг муҳими, мана шу турли миллат ва дин вакилларини ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бири билан аҳил-иноқ бўлиб яшаши, дунё ободлиги йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.
Мазкур анжуманда диншунослик, тарих, фалсафа, халқаро муносабатлар сингари дунёвий таълим йўналишлари ҳамда Қуръон илмлари, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, тасаввуф, манбашунослик каби диний таълим йўналишлари билан боғлиқ фанларни ривожлантириш борасида амалга оширилган илмий изланишлар натижалари ҳам кенг жамоатчиликка таништирилди.
Илмий-амалий тадбирда “Диншунослик вазифалари ва миллий қадриятларимиз”, “Учинчи ренессанс даврида диний-маърифий соҳага эътибор”, “Диншунослик фанларини модул тизими асосида масофавий ўқитиш” каби маърузалар тингланди. Шу билан бирга “Диншунослик” ва “Диний экстремизмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” фанларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида ўқитилиши зарурати”, “Авестода тарихий вақт масаласи”, “Ўзбекистонда олий диний таълим: азалий қадриятлар ва замонавий технологиялар уйғунлиги йўлида”, “Тарбия” фани концепцияси: мақсад ва вазифалар” каби мавзулардаги маъруза иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
– Халқимиз ўзининг ривожланиш тарихида бир қанча илмий ютуқларга эришиб, жамиятда илм-фан, санъат ва маданиятни юксалтирган буюк сиймоларни тарбиялаб, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган мамлакат сифатида эътироф этилади, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов.
– Юртимиз янги тараққиёт босқичига ўтди. Сўнгги йилларда фан ва таълим соҳасида амалга оширилган улкан ислоҳотлар алоҳида эътиборга молик. Маълумки, жамият инсоният тараққиёти эзгу мақсадлар муштараклиги асосида юзага келади. Бунда албатта, диний қарашлар муҳим роль ўйнайди.
Анжуманда олий таълим муассасаларида диншунослик фанларидаги янгиликлар, бу борадаги илмий методологик услублар ҳақида сўз борди.
– Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони имзоланди, – дейди “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО кафедраси мудири Маҳфуза Алимова.
– Ҳужжатда “олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш” белгиланди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам 2020-2021 ўқув йилидан мазкур тизимга ўтилди. Диншунослик фанларининг модуль тизими асосида жорий этилиши ўқитувчи ва талабанинг ҳамкорликда ишлашида муҳим омил ҳисобланади. Модулли таълимда энг катта урғу талабаларнинг мустақил таълим олишига қаратилади. Диншунослик фанларини ўқитишда модулга асосланган ўқув дастурлари махсус схема асосида ишлаб чиқилди. Зеро, бугунги пандемия шароити ҳам масофавий таълимни ривожлантиришни талаб этмоқда.

Халқаро ислом академияси матбуот хизмати маълумотига кўра, конференция мавзуси доирасида диншунослик, исломшунослик, тарих, фалсафа, дин психологияси каби ижтимоий фанлар йўналишига оид кўплаб илмий мақолалар келиб тушгани анжуман нуфузи йил сайин ортиб бораётганидан дарак беради. Мазкур мақолалар конференция материаллари тўпламидан ўрин олган. Тўплам 70 дан ортиқ мақолаларни ўзида жамлаган бўлиб, унда диний бағрикенглик, миллий ва диний қадриятлар уйғунлиги, аждодлар илмий-маънавий меросининг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни каби мавзулар ўз ифодасини топган.
Н.Усмонова, ЎзА