Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар эътирофга муносиб
Халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон халқаро ислом академияси нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам ўз нуфузига эга олий ва илмий таълим муассасаси сифатида танилиб бормоқда. Бунда илм даргоҳининг илмий салоҳияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларга яратилган замонавий шароитлар, илмий-ижодий муҳитнинг халқаро андозаларга мувофиқлиги, албатта, муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис бугунги кунда Академияда 9 нафар таниқли хорижий профессор-ўқитувчи фаолият юритаётган бўлса, 31 нафар дунёнинг турли давлатларидан келган ёш илму толиблар билим олиб, илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.

Бу ўринда юртимиз ёшларининг ҳам ислом дини ва улуғ алломалар илмий-маънавий меросини фундаментал жиҳатдан кенг илмий ўрганиб, чуқур тадқиқотлар олиб бораётгани, албатта, фахрланарли. Зеро, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс – Миллий уйғонишга пойдевор қўйилишида, табиийки, улуғ мутафаккирларимиз илмий-маънавий мероси, барҳаёт ўгитлари илҳом манбаи, янги илмий ютуқларнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг дунёдаги нуфузли илм-фан ва маънавий-маърифий, билим ҳамда тадқиқот марказлари билан узвий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўяётгани аҳамиятлидир.
Шу кунларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов раҳбарлигидаги бир гуруҳ олимларимиз Россия Федерациясидаги Болгар ислом академиясида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегатлари билан Болгар ислом академияси ректори Айнур Тимерханов ўртасида самимий учрашув бўлиб ўтди. Дастлаб учрашувда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов томонидан юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган янгиликлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, биргина Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги таълим ва илмий фаолиятдаги ютуқлар қаторида Академия ҳузурида Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказининг иш бошлагани ва ўтган бир йил мобайнида амалга оширилган илмий тадқиқотлар мезбонларда катта қизиқиш уйғотгани эътироф этилди.
Қизғин ва самимий руҳда ўтган музакораларда ҳар икки Академия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан кўплаб келишувларга эришилди. Айниқса, ислом дини ва унинг илм-маърифатини кенг тадқиқ этиш бўйича дунёда ўз нуфузи ва илмий салоҳиятига эга ҳар икки Академия профессор-ўқитувчилари ҳамкорлиги ва илмий раҳбарлигида магистрлик ва докторлик тадқиқотларини олиб бориш, талабалар ҳамда ёш илмий тадқиқотчилар алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, ўз илмий нашрларида янги илмий кашфиёт ва тарихий манбаларга доир мақолалар чоп этилишини таъминлаш юзасидан амалий вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегатларининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш доирасидаги хизмат сафарлари давом этмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
матбуот хизмати