Диний бағрикенглик – халқ дипломатиясининг пойдевори
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диний бағрикенглик – халқ дипломатиясининг пойдевори” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов сўзга чиқиб, ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган тадбир икки томон учун ҳам жуда манфаатли бўлишига умид билдирди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларидан мамнун эканлиги қайд этилди.
– Ўзбекистон – Буюк ипак йўли чорраҳасида, турли маданият ва цивилизациялар туташган муборак замин ҳисобланади, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов. – Шу сабабли асрлар давомида юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва диний эътиқод вакиллар ягона оиладек аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат, барчага эзгулик соғиниш, умуман, бағрикенглик бизнинг халқимизга хос фазилат. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида ҳам Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши белгилаб қўйилганини эътироф этиш жоиз. Бу – юртимиздаги барча инсоннинг ҳуқуқ ва бурчлари тенглиги кафолатидир.
ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров ушбу марказ томонидан сўнгги йилларда диний-марифий соҳага катта эътибор қаратилаётганини маълум қилди. Халқ дипломатияси маркази фаолияти гуманитар таркибий қисми турли халқлар ва этник гуруҳлар, маданий анъаналар ва диний эътиқодлар вакилларини бир платформада тўплаш имкони бериши билан аҳамиятлидир.
Ушбу марказ давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 июнда қабул қилган “Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган.
ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашишга хизмат қилиши ҳақида сўз юритди.
Қизғин руҳда ўтган семинарда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сўнгги йилларда диний-маърифат, турли диний эътиқодлар вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу бердилар.
Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ягона оила сифатида Ўзбекистон халқини ташкил этиши, улар бир-бирлари билан ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётганликлари халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА