“Динамо”га сербиялик мутахассис бош мураббий бўлди
Янги мавсумда суперлигида тўп сурадиган Самарқанднинг “Динамо” футбол клубига сербиялик Предраг Роган бош мураббий этиб тайинланди. 1974 йилда Сербияда туғилган Предраг Роган УЕФАнинг “про” лицензиясига эга мутахассис ҳисобланади. У 2011 йилдан буён мураббийлик фаолиятини юритиб келмоқда. Шу пайтгача Сербиянинг бир қатор клублари ва Венгриянинг “Уйпешт” жамоасини бошқарган. 2021 йилда Сербия суперлигаси вакили “Вожводац” га мураббийлик қилган. Сербия ёшлар жамоасида (U-19) мураббий сифатида ишлаган Иван Йевич ҳам “Динамо” клубида Предраг Роганга ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлади.

Бизга маълум қилишларича, айни пайтда Самарқандда янги мавсумга тайёргарликни бошлаган “Динамо” жамоаси таркибига мамлакатимиз футбол клублари ва хориждан бир қатор футболчиларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА