Жадидчилик ҳаракатининг намояндалари – ўз даврининг илғор вакиллари дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги энг яхши ва янги тажрибаларни, усулларни таълим, маърифат соҳасига жорий этишга астойдил интилганлар. Бундан кўзланган асосий мақсад миллатимизни, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишига муносиб ҳисса қўшиш эди.
Хўш, тараққийпарвар боболаримиз миллий тарихимиз, хусусан, буюк аждодларимиз, айниқса, жаҳонгир Амир Темур ва темурийларнинг дунё тарихида тутган ўрни ва мавқеига қандай муносабатда бўлганлар?
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, тарих фанлари доктори, таниқли олима Дилноза Жамоловага ушбу мавзуга оид саволлар билан мурожаат қилдик.
– Тарихий манбалардан яхши аёнки, жадид боболаримиз янгиликка интилувчан, ўз замонасининг энг илғор шахслари бўлганлар. Лекин шу билан бирга, улар ўз илдизлари, буюк аждодларига алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Тараққийпарвар боболаримиз фаолиятида улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти, маърифий меросини ўрганиш қандай ўрин эгаллаган?

– Жадид боболаримиз ўз тарихини мукаммал билган ва халқни ҳам ўтмишни чуқур ўрганишга даъват этган. Тарихий тафаккур ва миллий ғурури жуда юқори бўлган Туркистон тараққийпарварларининг бош мақсади Амир Темур давридаги каби Буюк Турон давлатини тиклаш, Учинчи уйғониш даври учун замин ҳозирлаш эди. Жадидчилик ҳаракати пайдо бўлганидан ваҳшийларча тугатилганига қадар тараққийпарвар боболаримиз Амир Темур руҳидан мадад олиб фаолият олиб борганлар.
Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Абдурауф Фитратнинг Амир Темурга эҳтироми жуда юксак бўлган. У “Ҳуррият” газетасининг 1917 йил 31 октябрь сонида илк бор эълон қилган “Юрт қайғуси (Темур олдинда)” сочмасида Россия империяси мустамлакаси зулми остида эзилиб бораётган Туркистоннинг аҳволидан ташвишга тушади. Унинг озод бўлишига умид билдиради. Амир Темурни арслонлар арслони деб таърифлаб, юрт озодлиги учун курашга отланаётганини билдиради:
“Эй, арслонлар арслони!
Меним ёзуқларимдан ўт,
Мени қўлимни тут,
Белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер!
Сенинг дунёга сиғмаган ғайратингга онт ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлиғини қайтармасдан бурун аёғларингда ўтирмасман”.
Абдурауф Фитратнинг сочмадаги “Туроннинг эски шараф ва улуғлиғини қайтармасдан бурун аёғларингда ўтирмасман” жумласи бутун Туркистон жадидларига тегишли бўлган.
Уч йил ўтиб, 1920 йил кузида Амир Темурга бағишлаб ёзган бир шеърида Амир Темурдан Ватанини озод қила олмагани учун кечирим сўрайди:
Ассалом, Соҳибқирон Темурбек!
Хоки пойингизга тиз чўкдим буткул.
Менким, авлодингиз Абдурауфбек,
Доду фарёдимни айлангиз қабул.
Эй, туркнинг муқаддас ўчоғи – Ватан!
Эй, ору номуси топталган элим!
Эй, дўзах ўтида қоврулган чаман!
Эй, зулм, қабоҳатга учраган мазлум!
Абдурауф Фитрат Бухоро Халқ Совет Республикасида Маориф нозири бўлиб иш бошлаганда ҳам Амир Темурга эҳтироми пасаймади. У 1921 йили Германияга ўқишга кетаётган 72 нафар талабани жўнаб кетишларидан олдин Самарқандга – Амир Темур мақбараси зиёратига олиб борган. Ҳар бирларини улуғ Соҳибқирон қабри олдида тиз чўктириб, қасамёд қилдирган. Қасамёдда Амир Темур руҳига садоқат, Ватанга муҳаббат, она юрт туйғуси билан яшаш, ўз миллати ва халқини бир нафас ҳам ёддан чиқармаслик, хориждан илмли, маърифатли бўлиб қайтиш, миллат равнақи йўлида садоқат билан хизмат қилишлари сингдирилган.
Маълумки, 1920 йил тузилган Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматининг таркиби жадидлардан иборат бўлган. 1921 йил БХСР раҳбарларидан Абдурауф Фитрат ташаббуси билан Маҳмуд Назар ҳамда Маҳмуд Ражаб бошчилигидаги Бухоро вакиллари Мустафо Камол пошо ҳукуматини расмий суратда таниш ва ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатиш мақсадида Анқарага жўнатилган. Мустафо Камол Бухоро элчилари билан учрашиб, дипломатик, маданий, савдо-сотиқ муносабатлари ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борган. Учрашув сўнгида Бухоро ҳайъати вакиллари ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида Мустафо Камолга берилган совғалар орасида Амир Темур даврида кўчирилган Қуръони каримнинг нодир нусхаси ҳам бўлган.
Ўша пайтда Амир Темурнинг руҳи нафақат ватандошларимизга, балки ХХ асрнинг 20-йилларида мустақиллик учун кураш йўлига кирган қардош турк халқининг улуғ фарзанди Мустафо Камол Отатуркка ҳам мадад ва умид берган. У “Амир Темур ҳақида ёзишмалар”ида Соҳибқирондаги улуғлик ва жасоратни юксак баҳолаган: “Мен Амир Темур даврида яшасам, унчалик иш қила олмаган бўлардим. Улуғ Темур мени давримда яшаса, мендан бир неча карра кўп иш қилган бўларди”.
Туркистон жадидлари миллий озодлик ғояларини халққа сингдириш борасида турли жамиятлар ва уюшмалар тузганлар. Улардан бири Қўқон шаҳрида 1925–1927 йиллари фаолият юритган “Темур” гуруҳи бўлиб, Абдулла Каримов, Лутфулло Олимий каби зиёлилар томонидан ташкил этилган. 192 та тараққийпарварни ўзида бирлаштирган бу уюшма Туркистоннинг озодлиги йўлида бор куч-ғайратини сарфлаган.
– Миллат қайғуси билан яшаган маърифатпарвар аллома бобомиз, бетакрор адиб, илм ва жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний ижодида “Темур тузуклари” асарининг она тилимизга таржимаси алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида Амир Темур ҳаёти, фаолиятини тўлақонли акс эттирувчи ушбу асардан халқимизни баҳраманд этиш йўлида кенг имкониятлар яратилди. Шу ҳақда фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Амир Темур кишилик жамиятининг энг улуғ инсонларидан бири бўлиб, Турон ҳудудидаги тарқоқликка барҳам бериб, марказлашган давлатга асос солган. Иккинчи уйғониш даврини бошлаб берган Амир Темур бобомиз мустақиллигимиз тиклангунга қадар фақат қораланди, “қонхўр, босқинчи ҳукмдор” сифатида руҳимизга сингдирилди.
Амир Темурнинг буюклигини босқинчи ҳукумат жуда яхши билгани ҳолда Туркистон халқининг озодликка бўлган интилишини сусайтириш, доимий қўрқувда, қулликда сақлаш учун турли йўллардан фойдаланди. Булардан бири ўз ўтмишига, миллий тарихига, аждодларига нафрат билан қараш туйғусини шакллантириш эди. Мустамлакачи империя кучли тарғибот, сохталаштирилган ёки бутунлай бузиб ёзилган Турон тарихини халқимизнинг онгига сингдиришнинг уддасидан чиқди. Ана шундай шароитда буюк аждодларимиз ҳақида тўғри сўз айтишга журъат топа олган миллатпарварларимиз ҳам бор эдики, улардан бири Алихонтўра Соғунийдир.
Алихонтўра Соғуний совет ҳукумати томонидан уй қамоғида сақланиб, доимий таъқиб остида яшаган бўлса-да, 1958 йил “Темур тузуклари”нинг сақланиб қолган форсча нусхасини ўзбек тилига мукаммал таржима қилган. 1960 йили Амир Темур ҳақида шеър ёзган. Мазкур шеър “Темурдек жаҳонда киши ўтмади, Анингдек ўғилни она туғмади” сатрлари билан бошланади.
– Ушбу таржима асарининг ўзига хос жиҳати, ибратли томонларини, бугунги замон ёшлари учун намуна бўладиган хусусиятларини нималарда кўрасиз?
– “Темур тузуклари” – тарихий манба ўлароқ, ўз даври учун давлат бошқарувига оид йирик қомус эди. Алихонтўра Соғуний ушбу китобни етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганларга тушунарли тилда таржима қилган. Амир Темур йирик давлат арбоби, моҳир дипломат, кучли сиёсатчи сифатида ўз давлатининг тузилишини, унинг бошқариш тартибларини баён этиб, амалдорларнинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берган.
Амир Темур “Тузуклар”га амал қилгани ҳолда, “қаерда адолат бўлса, мен ўша ерда бўламан”, деб таъкидлаган. Бу гапда чуқур маъно ётади. Ушбу сўзлари орқали жойлардаги ҳокимлар ва амалдорларни адолат билан иш юритишга, ўзининг ушбу ҳудудлардаги ёрдамчилари бўлишига даъват этган. Ҳар қандай адолатсизликни қаттиқ жазолаган. Китобдаги қайд қилинган кўп жиҳатлар олти-етти аср олдин эмас, гўёки бугун ёзилганга ўхшайди. Жумладан, ўзлаштирилмай қаровсиз ётган ерларни ҳосилдор ерларга айлантиришга оид кўрсатмалари диққатга сазовордир: “Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса (давлат ерларини бошқарувчи маҳкама) тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю лекин обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи у ўз ерини обод қилиб олсин. Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига кўприклар қурсинлар, йўл устида, ҳар бир манзилгоҳга работлар бунёд этсинлар”.
Бугун ҳам иқлим ўзгариши, шўрланиш даражаси юқорилаб кетаётган бир шароитда давлатимиз раҳбарининг давлат ва томорқа ерларидан унумли фойдаланиш бўйича топшириқларида улуғ бобомизнинг кўрсатмаларига амал қилаётгани шубҳасиз. Хуллас, “Темур тузуклари”да юртни севиш, ҳар ишда адолатни устун қўйиш, илм-маърифатга интилиш, мамлакат тинчлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшиш каби улуғ ғоялар ўз аксини топган бўлиб, ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Самимий ва қизиқарли суҳбат учун раҳмат!
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.