Футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақасининг Самарқанд вилояти финал босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақанинг қуйи босқичларидан муваффақиятли ўтиб, финалгача етиб келган Ургут туманининг Этак Бешкапа ҳамда Қўшработ туманининг Шовона маҳаллалари жамоалари кубок учун ўзаро беллашди. Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб арена" стадионида ўтказилган финал учрашуви муросасиз курашлар остида ўтди. Учрашувда Шовона маҳалласи ёшларига омад кулиб боқди ва улар 1:0 ҳисобида зафар қучди. Каттақўрғон туманининг Вали маҳалласи ёшлари мусобоқада учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига ДХХ вилоят бошқармаси ва вилоят секторлари раҳбарлари кубок ва медалларни тантанали тарзда топширди.
Маросимда мини-футбол бўйича ўтказилган ДХХ кубоги беллашувлари ғолиб ва совриндорлари ҳам муносиб тақдирланди. Қайд этиш керак, мазкур мусобақада Пахтачи туманининг Гулобод маҳалласи жамоаси биринчи, Нуробод туманининг Нурбулоқ маҳалласи ёшлари иккинчи, Самарқанд туманининг Арабхона маҳалласи ёшлари учинчи ўринни қўлга киритди.
Мини-футбол мусобақасининг қизлар баҳсида Жомбой туманининг “Нафис” қизлар жамоаси бу йил ҳам мусобақанинг республика йўлланмасига эга чиқди. Айтиш жоизки, қизлар ўртасидаги ўтган йилги баҳсда “Нафис” қизлар жамоаси ДХХ кубогини қўлга киритган эди. Кейинги ўринлар Ургут туманининг “Тўмарис” ва Пайариқ туманининг “Севинч” жамоаларига насиб этди.
[gallery-18070]
Тадбир давомида ёшлар учун байрам концерт дастури намойиш этилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари