Нукусда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида футбол ва мини футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақалари саралаш босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев кубок мусобақаларида ғолиб бўлган жамоаларни табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар қаторида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ёшларга яратилиб берилаётган кенг имкониятлар бугунги кунда улар орасидан салоҳиятли, юртимиз равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшадиган ва мамлакатимиз байроғини дунёга танитадиган спортчиларнинг етишиб чиқишига асос бўлмоқда.
ДХХ кубогини ўтказишдан кўзланган мақсад ёшлар орасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, уларни ватанга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат. Мусобақаларда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган ўғил болалар жамоалари футбол ва мини-футбол бўйича, қизлар жамоалари мини футбол бўйича баҳслашди. “Соғлом ёшлар – Янги Ўзбекистон келажаги” шиори остида ўтказилаётган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг очилиш маросими кенг жамоатчилик, ёшлар ва спорт мухлислари учун ҳақиқий байрамга айланди.
Футбол бўйича кубок соҳибини аниқлаш учун ўтказилган ўйинда Нукус шаҳри ёшлари Нукус тумани жамоаси билан учрашди. Кескин курашлар остида ўтган учрашув якунида Нукус тумани футболчилари майдон эгаларини 0:1 ҳисобида мағлуб этди. Учинчи ўринни Қўнғирот тумани жамоаси эгаллади.
Мини футбол бўйича ўғил болалар ўртасида ўтказилган мусобақанинг финалида Қораўзак ва Тўрткўл туманлари жамоалари ўзаро беллашди ва ўйиннинг асосий қисми 1:1 ҳисоби билан якунланди. Пенальтилар сериясида эса омад қораўзаклик футболчиларга кулди, улар ўз рақибларини 4:3 ҳисобида мағлуб этди. Мусобақанинг бронза медали учун ўтказилган ўйинда Нукус шаҳри футболчилари Элликқалъа тумани жамоасини 7:1 ҳисобида мағлуб этди.
Қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада Амударё тумани жамоаси Нукус шаҳри футболчиларини 3:2 ҳисобида енгиб, олтин медаль соҳибига айланди. Учинчи ўрин шуманайлик қизларга насиб қилди.
Ғолиб жамоалар кубок, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
ДХХ кубоги ғолибларини тақдирлаш маросими санъат усталарининг гала концерти ва ёшлар сайли билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири