ДХХ кубоги ғолиблари муносиб тақдирланди
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун футбол ҳамда мини-футбол мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.
Жорий йилги Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўғил ва қизлар ўртасидаги мини-футбол ҳамда ўғил болалар орасидаги футбол бўйича ДХХ кубоги юртимизда мавжуд 208 та туман ва шаҳардаги 19 минг 698 та маҳалла футбол жамоаларидаги 251 минг 502 нафар навқирон авлод вакилларини жамлади.
Апрель-май ойларида юртимиздаги туман, шаҳарлар кесимида биринчи босқич баҳслари ўтказилган бўлса, июнь-июль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида иккинчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди.
“Соғлом ёшлар – Янги Ўзбекистон келажаги” шиори остида ўтказилган футбол ва мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги футбол баҳсларининг саралаш босқичи 19-23 август кунлари “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида ўтказилган бўлса, финал ўйини “Жар” стадионида бўлиб ўтди. Сўнгги ҳал қилувчи финал ўйинида Қашқадарё вилоятининг “Арабхон” жамоаси 1:0 ҳисобида Тошкент вилоятининг “Оқ овул” маҳалла ёшларидан устун келди ва бош совринни қўлга киритди. Футбол баҳсларида Андижон вилоятининг “Полосон” жамоаси учинчи ўриндан жой олди.
[gallery-18909]
Футбол учрашувларида ёрқин ўйинлари билан ажралиб турган Қаҳрамон Шоҳназаров (Қашқадарё вилояти) “Энг яхши ўйинчи”, ажойиб голлар муаллифи бўлган Ҳикматилла Ҳабибуллаев (Тошкент вилояти) “Энг яхши тўпурар”, жамоасини муқаррар голлардан сақлаган Шаҳзод Мадаминов (Тошкент вилояти) “Энг яхши дарвозабон” номинациялари билан тақдирланди.
Шунингдек, мини-футбол баҳсларининг ўғил болалар ўртасида “Янги авлод” (Қашқадарё вилояти), “Дамбоғ” (Наманган вилояти), “Жўрабод” (Бухоро вилояти), қизлар орасида “Қарши” (Қашқадарё вилояти), “Чиноз” (Тошкент вилояти) ва “Арнасой-W” (Жиззах вилояти) жамоалари шоҳсупага кўтарилди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Республика босқичида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар учун универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), учинчи поғонадан жой олган жамоалар маҳалласига “Стритбол” (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдони қуриб бериладиган бўлди. Қизлар мусобақасида ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар пул мукофоти билан тақдирланди.
Бундан ташқари барча ғолиб ва совриндор иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль, спорт кийимлари ва ноутбук топширилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),ЎзА