ДХХ кубоги: ғолиблар аниқланди
Тошкент вилоятида маҳалла ёшлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилаётган “ДХХ кубоги” футбол мусобақасининг финал босқичида Бекобод туманининг “Янгиовул” жамоаси ва Ўрта Чирчиқ туманининг “Жанғабай” жамоаси ўзаро беллашди. Олмалиқ шаҳрининг ОКМК стадионида бўлиб ўтган финал баҳси кескин курашлар остида ўтди.
Айтиш мумкинки, футбол учрашуви юқори савияда ташкил этилган бўлиб, унда мухлислар машҳур спорт шарҳловчилари ва эстрада юлдузларининг ҳам чиқишларига гувоҳ бўлди. Дастлаб масъул ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан жойларда ёшларни оммавий спортга жалб қилиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Айниқса, охирги йиллар маҳаллаларда ёшларнинг футбол бўйича “ДХХ кубоги” мусобақасига қизиқиш ортиб бораётгани алоҳида эътироф қилинди. Раҳбарлар мазкур мусобақа финалига чиққан жамоаларга омад тилади.
Шундан сўнг яшил майдонда ўйин муросасиз тарзда ўтди. Якунда “Янгиовул” жамоаси ўз рақибини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, “ДХХ кубоги” вилоят босқичи ғолиби бўлди. Ғолиб жамоа энди республика босқичида Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилади.

Мусобақа якунида ғолибларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши дарвозабон” каби номинациялар бўйича футболчилар рағбатлантирилди.

А.Мусаев, ЎзА.