Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси Б.Х. фуқародан 5,5 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бу Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Жарқўрғон тумани бўлими ва ДХХнинг туман бўлими ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирда амалга оширилди.
Бунга эса Департамент Жарқўрғон тумани бўлимига фуқаро А.М.нинг аризаси асос бўлди.
Чунки фуқаро А.М. тумандаги “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида тадбиркорликни амалга ошириш учун ҳокимлик орқали ер майдони олмоқчи бўлган. Ҳоким ёрдамчиси Б.Х. эса унга маҳалла ҳудудидан стадион ва спорт мажмуаси қуриш учун “Е-аукцион” орқали туман ҳокимлиги захирасида бўлган 60 сотих ер майдонини танишлари орқали олиб беришда ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, бунинг эвазига фуқародан 5 миллион 500 минг сўм пул талаб қилади.
Фуқаро эса юқорида айтилганидек, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар қилган. Ариза юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда Б.Х. пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Б.Х.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятлар таркиби мавжудлигини назарда тутилиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
ЎзА