“Дэвис кубоги”: Ўзбекистон – Эстония терма жамоалари ўзаро рақобатлашади
Жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси “Дэвис кубоги”нинг II Жаҳон гуруҳи саралаши доирасида Эстония термасига қарши ўйнайди.
Ушбу жамоалар ўртасидаги баҳслар пойтахтимиздаги “Саховат Спорт Сервис” мажмуасида бўлиб ўтади. Мазкур саройдаги ўйинлар хард қопламали кортда бўлиб ўтади. Ҳозирда терма жамоамизнинг Эстонияга қарши ўтадиган ўйини олдидан саралаш турнири ўтказилмоқда. Унда ғолиб бўлган теннисчилар “Дэвис кубоги”да Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши билан бирга, ITF томонидан ўтказиладиган M15 таснифидаги икки турнирга ҳам “Wild Саrds”ни қўлга киритади. Саралаш турнири 11 август кунига қадар ташкил этилади.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон теннис терма жамоаси “Дэвис кубоги”даги сўнгги ўйинини жорий йилнинг февраль ойида I Жаҳон гуруҳига саралаш доирасида Польшага қарши ўтказиб, имкониятни бой берган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА