Девид Рид: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иқтисодий драйверига айланмоқда
Марказий Осиёда геосиёсий ва иқтисодий рақобат кучайиб бораётган бир пайт Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга интилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатнинг глобал молия бозори, инфратузилма лойиҳалари, стратегик хом ашё ресурслари ва инвестиция муҳитига оид ислоҳотлари халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда. Бу жараёнда Буюк Британия Ўзбекистон учун нафақат савдо ҳамкори, балки инновация, молиявий тажриба ва узоқ муддатли стратегик шерик сифатида ҳам намоён бўлмоқда.


Шу муносабат билан Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Савдо комиссари, Бирлашган Қиролликнинг Истанбулдаги Бош консули Девид Рид билан интервью ташкил этилди. Британия ордени аъзоси (MBE) билан суҳбатимиз унинг 12-13 май кунлари юртимизга қилган илк ташрифи давомида уюштирилди. Мулоқот давомида Ўзбекистон – Буюк Британия муносабатининг янги йўналишлари, Лондон молия бозорининг республикамиз иқтисодиёти учун аҳамияти, инфратузилма ва таълим соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, шунингдек юртимиздаги халқаро инвестиция муҳити ҳақида атрофлича фикр билдирилди.

Интервью давомида Девид Рид Ўзбекистонни “Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган ва энг истиқболли бозорлардан бири” сифатида баҳолар экан, икки давлат иқтисодий ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга чиққанини таъкидлади. Жумладан, Британия компаниялари тоғ-кон саноати, инфратузилма, молиявий хизмат ва “Янги Тошкент” каби йирик лойиҳаларимизга жиддий қизиқиш билдираётганини қайд этди.
– Жаноб Девид Рид, фаолиятингизнинг асосий йўналишлари нимадан иборат? Ўзбекистон билан амалий ҳамкорлик натижа бериши учун ишни қандай йўлга қўйгансиз?


– Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг истиқболли ва жадал ривожланаётган бозорлардан бири. Шу боис иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш мен учун устувор вазифалардан бири. Сўнгги бир йилда Буюк Британиянинг республикага экспорти 545 миллион фунт стерлингга етди. Таъкидлаш жоиз, 2016 йил – бу юртда ҳар томонлама ислоҳотлар бошланган даврда бу кўрсаткич атиги 66 миллион фунт эди.
Қувонарлиси, ҳамкорлик фақат бир йўналиш билан чекланиб қолмаяпти. Асосий мақсадимиз – мавжуд имкониятларни икки давлат учун манфаатли аниқ тижорий келишувларга айлантириш. Шериклигимиз сезиларли натижалар берди, аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.
– Ушбу лавозимдаги Ўзбекистонга илк ташрифингиз давомида қайси тенденциялар ва ўзгаришлар сизда яхши таассурот қолдирди? Айни ҳолат Буюк Британиянинг мамлакатга нисбатан узоқ муддатли стратегик қизиқишига қандай таъсир кўрсатмоқда?
– Мени энг кўп ҳайратлантирган жиҳат – Ўзбекистон иқтисодий трансформациясининг суръати ва ишончли руҳи. Мамлакатда кучли ҳаракат ва янгиланиш муҳити сезилмоқда. Бу кенг қамровли ислоҳотлар дастури ҳамда халқаро ҳамкорликка очиқ сиёсат билан мустаҳкамланмоқда.
Қисқа ташриф давомидаёқ авиация, инфратузилма, молия ва саноат соҳалари бўйича жуда мазмунли мулоқотлар ўтказдик. Жумладан, “Centrum Air” билан, шунингдек давлатнинг иқтисодий мақсад-ҳаракатлари ва инвестиция муҳити атрофида кенг муҳокама олиб бордик. Бу Буюк Британия – Ўзбекистон муносабати янада кенг қамровли, чуқур ва тобора кўпроқ тижоратга йўналтирилган тус олаётганини кўрсатади.
Шунингдек, Лондон ва Тошкент фонд биржалари иштирокида эҳтимолий IPO ўтказиш режаси эълон қилингач, Миллий инвестиция жамғармаси масаласида ҳукумат билан мулоқот олиб борганимиздан мамнунман. Бу Ўзбекистон халқаро молия бозорига тобора фаол интеграциялашаётгани, мамлакатнинг глобал молиявий шерикликка ишончи ортиб бораётганини англатади.
Буюк Британия нуқтаи назаридан қараганда Ўзбекистон аҳолиси ёш ва улкан салоҳиятга эга мамлакат сифатида Марказий Осиёда муҳим иқтисодий марказга айланмоқда. Ислоҳотлар давом этар экан, савдо ва инвестиция билан бирга инфратузилма, молиявий хизмат, инновация ва таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик имконияти ортиб боради.
– Марказий Осиёда глобал рақобат кучайиб бораётган шароитда савдо ҳажмидан ташқари Буюк Британияни Ўзбекистон учун афзал шерикка айлантираётган асосий омиллар нимада?
– Британия фақат сармоя таклиф қилмайди, балки узоқ муддатли шериклик, халқаро тажриба ва инновацион ёндашув ҳам тақдим этади.
Бунинг ёрқин намунаси – “Янги Тошкент” лойиҳаси. Халқаро танлов натижасида Лондонда жойлашган “Cross Works” компанияси шаҳарни кенгайтириш бўйича бош режа ишлаб чиқиш учун танлаб олинди. Ушбу режа Тошкент ҳудудини деярли икки баробар кенгайтириш ва қўшимча 2,5 миллион аҳолини жойлаштириш имконини беради.
Айниқса, “Cross Works” келажакдаги шаҳарнинг рақамли модели – “digital twin” тизимини яратгани диққатга сазовор. Бу режалаштирувчи, инвестор ва бошқа иштирокчиларга шаҳарнинг келгусида қандай ривожланишини аниқ тасаввур қилиш имконини беради. Айнан шундай инновацион ва келажакка йўналтирилган ёндашув Буюк Британия компанияларининг асосий устунлигидир.
Бундан ташқари “Standard Chartered Bank” каби компаниялар бутун минтақа иқтисодий тараққиётини қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда. Биз янада кўпроқ британ компаниялари Ўзбекистон бозори имкониятини ўрганиши тарафдоримиз.
– Ўзбекистон сўнгги йилларда Лондон молия бозори билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда. Буюк Британиянинг молиявий экотизими – тартибга солиш механизмларидан тортиб консалтинг хизматигача Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастури ва капитал жалб қилиш стратегиясини қандай қўллаб-қувватлаши мумкин?
– Ўзбекистоннинг Лондон молия бозори билан ҳамкорлиги тобора кучайиб бораётганини кўриш қувонарли. Буюк Британия халқаро капитал жалб қилиш ва глобал инвесторлар билан алоқа ўрнатишни истаган компаниялар учун ҳамон энг ишончли молиявий марказлардан бири бўлиб қолмоқда.
Сўнгги икки йил ичида бу борада қатор муҳим воқеалар юз берди. 2024 йил Навоий кон-металлургия комбинати Лондон фонд биржасида 1 миллиард долларлик еврооблигация чиқарди. Орадан бир йил ўтиб, “Ўзбекнефтгаз” Лондон фонд биржасида 850 миллион долларлик облигация жойлаштирди ва бу Ўзбекистон тарихидаги энг йирик бир траншли амалиётга айланди. Ушбу облигацияларга Буюк Британия, АҚШ, Европа ва Осиё инвесторлари томонидан қарийб 1,9 миллиард долларлик талаб билдирилди.
Шунингдек, НКМК Лондонда яна 500 миллион долларлик облигация чиқарди ва ушбу таклифга талаб 4,6 баробар юқори бўлди. Жорий йил бошида эса Ўзбекистон Лондон фонд биржасида умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган суверен еврооблигацияни муваффақиятли жойлаштирди. Ушбу маблағлар инфратузилма ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилмоқда.
Молиявий технология соҳасида ҳам яхши шериклик шаклланмоқда. Ўтган йил Лондонда ўтказилган “Fintech Week” доирасида “Humo”, “Paynet” каби ўзбек компаниялари британ финтех компаниялари билан рақамли банк хизмати, токенизация ва комплаенс технологияcи бўйича мулоқот қилди. Айни пайт “Humo” давлат облигацияcи билан таъминланган блокчейн токени устида синов лойиҳа амалга оширмоқда. Бу Ўзбекистон нафақат анъанавий молиявий воситалар, балки XXI асрга мос инновацион молиявий ечимларга ҳам жиддий эътибор қаратаётганини кўрсатади. Бундан ташқари, биз карбон кредити, барқарор молия ва ислом молияси каби йўналишларда ҳам ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдормиз.
– Сизнингча, Буюк Британия ва Ўзбекистон тез натижа бериши мумкин бўлган қайси соҳалар бўйича ҳамкорликни кенг кўламда ривожлантириш имконига эга?
– Тоғ-кон саноати ва стратегик минераллар асосий йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистон уран ва рений ишлаб чиқариш бўйича муҳим давлат. Шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинати Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчилардан саналади.
Биз “MinEX” ҳамда “Mining & Metals Central Asia” каби халқаро тадбирлар орқали британ ва ўзбек компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик кучайиб бораётганини кузатяпмиз. Тошкентдаги жамоамиз – Бизнес ва савдо департаменти икки давлат бизнес ва ҳукумат вакиллари ўртасида янги имкониятларни муҳокама қилишга фаол кўмаклашмоқда.
Инфратузилма соҳаси ҳам улкан истиқболга эга. Жорий йил бошида Буюк Британиянинг Марказий Осиё бўйича савдо элчиси лорд Олдердайс раҳбарлигида иккинчи Ўзбекистон – Буюк Британия инфратузилма конференцияси ўтказилиб, автомобиль ва темир йўл инфратузилмаси модернизацияси, аэропортлар ривожи, мактаб, шифохона каби ижтимоий объектлар қурилиши, шунингдек “Янги Тошкент” лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур ташаббус давом эттирилади.
Таълим соҳасида ҳам кўп йиллик мустаҳкам шериклигимиз мавжуд. 2002 йил ташкил этилган Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети бугун республикадаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бирига айланган. Мамлакатда британ таълим моделига талаб юқори ва аҳоли ёш бўлгани сабабли, сифатли таълимга эҳтиёж йиллар давомида ўсиб бориши кутиляпти.
Шунингдек, “UzBuild-2025” кўргазмасида британ компаниялари архитектура, барқарор инфратузилма, BIM технологияси ва “яшил” шаҳарсозлик бўйича ўз тажрибасини намойиш қилди.
– Маълумки, “UK Export Finance” агентлиги аллақачон юртимизда бир неча лойиҳани қўллаб-қувватламоқда. Яқин истиқболда қайси соҳаларда янги келишувлар кутиляпти?
– “UK Export Finance” Ўзбекистондаги инфратузилма ва саноат лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаяпти. Яқинда агентлик Ўзбекистондаги илк операциясини амалга оширди: ОКМК ҳамда Шотландиянинг “Weir Minerals” муҳандислик компанияси томонидан етказиб берилган ускуналар учун 10,8 миллион фунтлик кредит кафолати тақдим этди.
Энг муҳими, “UK Export Finance” Ўзбекистон учун 4 миллиард фунт стерлинггача бўлган кредит кафолати тақдим эта олади. Демак, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш учун кенг имконият мавжуд.
– Келгуси уч-беш йилда Буюк Британия – Ўзбекистон шериклиги муваффақиятини қандай тасаввур қиласиз?
– Муваффақият, аввало, икки давлат ўртасида савдо ва инвестиция ҳажми янада ортиши, шу орқали иқтисодий ўсишга эришилиши билан боғлиқ. Биз кўпроқ британ компаниялари Ўзбекистонда узоқ муддатли шериклик ўрнатиши, ўзбек компаниялари эса Буюк Британиянинг жаҳон даражасидаги молиявий ва бизнес инфратузилмасидан халқаро ўсиш платформаси сифатида фойдаланишини истардик.
Энг муҳими, шериклик одамлар ҳаётида амалий натижа бериб, инфратузилма лойиҳалари, янги иш ўринлари, молиявий инновация ёки барқарор иқтисодий ўсиш орқали намоён бўлиши лозим.
– Ўзбекистоннинг бугунги инвестиция муҳитини қандай баҳолайсиз? Британ инвесторлари учун мамлакатнинг жозибадорлигини ошириш учун нима қилиш керак?
– Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суриш ва иқтисодиётни очиш борасида таъсирли натижаларга эришди. Инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича бозор либераллашуви, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва миллий инвестиция жамғармаларини IPO орқали капитал бозорига олиб чиқиш каби муҳим қадамлар ташланди.
Бу ўз навбатида ҳукуматнинг бозор иқтисодиёти тамойилига амал қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва хорижий сармоя учун очиқлик сиёсатига содиқ қолиш хусусиятини кўрсатади.
Келгуси тараққиёт, аввало, ҳуқуқий ва бизнес муҳитида барқарорлик ҳамда адолатли қоидани таъминлашга боғлиқ. Британ инвесторлари учун аниқ ва барқарор қўлланиладиган қоида, имтиёз ва субсидияга ортиқча таянмаслик, давлат ва хусусий компаниялар учун тенг рақобат муҳити жуда муҳим.
Рақобат сиёсати, корпоратив бошқарув, инвестор ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва низоларни ҳал этиш механизми бўйича ислоҳот давом эттирилиши ишончни янада оширади ва Ўзбекистонни узоқ муддатли, сифатли инвестиция учун янада жозибадор мамлакатга айлантиради.
Умуман, Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланиш услубини ижобий баҳолайман. Мамлакатнинг халқаро иқтисодий тизимга интеграциялашган, рақобатбардош ва инвестиция учун очиқ иқтисодиётга айланишга бўлган интилиши британ бизнеси қизиқишини тобора кучайтирмоқда.
– Ўзбекистон Марказий Осиё бўйича Буюк Британиянинг кенг қамровли минтақавий стратегиясида қандай ўрин тутади? Айниқса, транспорт боғлиқлиги, савдо йўлаклари ва таъминот занжири нуқтаи назаридан бунинг аҳамияти қандай?
– Ўзбекистон бугун Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий ва стратегик шериклардан бирига айланмоқда. Бунда мамлакатнинг нуфузи ҳамда амалга ошираётган ислоҳотлари суръати муҳим омил ҳисобланади.
Минтақавий нуқтаи назардан Ўзбекистон Марказий Осиёни глобал бозор билан боғлайдиган транспорт, логистика ва савдо йўлаклари бўйича кўплаб муҳокамалар марказида турибди. Инфратузилма ривожланиши ва минтақавий иқтисодий интеграция кучайиши билан мамлакатнинг аҳамияти янада ортиши табиий.
Буюк Британия учун Марказий Осиёнинг аҳамияти иқтисодий, тижорий ва стратегик жиҳатдан тобора ортяпти. Айни пайт энергия хавфсизлиги, стратегик минераллар, барқарор таъминот занжири ва барқарор инфратузилмага глобал даражада эътибор кучайган. Ўзбекистон бу йўналишларнинг барчасида муҳим ўрин тутади. Шу боис, бизнинг ёндашувимиз узоқ муддатли шерикликлни шакллантириш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, халқаро боғлиқликни кучайтириш ва икки давлат бизнеси учун амалий имкониятлар яратишга қаратилган.
– Савдо ва инвестициядан ташқари таълим, инновация ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги узоқ муддатли алоқаларни қай даражада мустаҳкамлайди?
– Савдо муносабатлари одамлар ўртасидаги мустаҳкам алоқалар билан қўллаб-қувватлансагина узоқ муддатли бўлади. Таълим ва малака алмашинуви бу жараённинг энг муҳим қисмидир.
Таълим бошиданоқ икки давлат шериклигининг асосий йўналишларидан бири бўлиб келган. 2002 йил Тошкентда Вестминстер халқаро университети Ўзбекистондаги илк халқаро олий ўқув юрти сифатида очилган ва бугунги келиб мамлакатнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири сифатида танилган.
Шундан бери Ўзбекистонда 13 та трансмиллий таълим муассасаси британ университетлари дипломларини тақдим эта бошлади. Бу эса мамлакатда Буюк Британия таълим стандартига ишонч ва талаб нақадар юқори эканини кўрсатади.
Бугунги кунда 15 000 ўзбекистонлик мамлакатнинг ўзида туриб британ дипломи ёки даражаси учун таҳсил олмоқда. Бу жуда таъсирли кўрсаткич.
Ўзбекистон технология, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва молиявий хизмат каби соҳаларни ривожлантирар экан, махсус малакали кадрларга эҳтиёж ҳам ортиб боради. Британия муассасалари ва компаниялари эса университет ҳамкорлиги, касбий таълим ва профессионал сертификатлаштириш соҳасида катта тажрибага эга.
Кўп ҳолларда бизнес муносабати одамлар бирга ўқиш, ишлаш ёки халқаро муҳитда ҳамкорлик қилиш орқали шаклланади. Бундай тармоқлар йиллар давомида муҳим аҳамият касб этади.
– Барқарор ривожланиш глобал даражада устувор вазифага айланаётган бир пайтда Буюк Британия Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт” ва иқлим барқарорлигига ўтиш жараёнини қандай қўллаб-қувватлаши мумкин?
– Менимча, бу соҳада Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги учун катта салоҳият мавжуд. Буюк Британия барқарор молия, қайта тикланувчи энергия, “яшил” шаҳарсозлик ва иқлимга оид тартибга солиш соҳаларида катта тажрибага эга. Ўзбекистон эса энергия трансформацияси, инфратузилмани модернизация қилиш ва узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олган.
Ҳозирнинг ўзидаёқ барқарор инфратузилма, энергия самарадорлиги ва шаҳарсозлик соҳаларида ижобий ҳамкорлик кўряпмиз. Британ компаниялари муҳандислик, “яшил” молия ва режалаштириш технологияси бўйича тажрибасини Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга йўналтирмоқда.
Бугун иқлим барқарорлиги ва иқтисодий ўсиш тобора бир-бири билан узвий боғланиб бормоқда. “Яшил” ва барқарор иқтисодиётга ўтиш нафақат экологик вазифа, балки улкан инвестиция ва бизнес имконияти ҳамдир. Менимча, айнан шу йўналишда Буюк Британия ва Ўзбекистон кучли ва амалий шерикликни янада мустаҳкамлаши мумкин.
– Буюк Британия бозорига чиқиш ёки британ компаниялари билан ҳамкорлик қилишни режалаштираётган ўзбек бизнес вакилларига нима деган бўлардингиз?
– Буюк Британия дунёдаги энг очиқ ва халқаро боғланган бизнес муҳитларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ўзбек компаниялари у ердаги имкониятларни ўрганишда ўзларини ишончли ҳис қилишлари керак.
Мамлакат бизнесни қўллаб-қувватловчи сиёсат юритмоқда. Жумладан, 2029 йилгача маъмурий харажатни 25 фоиз қисқартиришга қаратилган тартибга солиш ислоҳоти амалга оширилмоқда. Шу билан бирга ривожланиш жараёнини тезлаштириш учун режалаштириш қоидаси ҳам соддалаштирилмоқда.
Буюк Британиянинг яна бир муҳим устунлиги – қонун устуворлиги ва барқарорлик. Мамлакат сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлардан қатъи назар, бизнес учун прогноз қилинадиган ва ишончли муҳит таклиф қилади. Глобал бозорга чиқиш имконияти, икки томонлама инвестиция келишувлари тармоғи ва тўғридан-тўғри хорижий инвестиция бўйича юқори кўрсаткич Буюк Британияни жозибадор бозорга айлантирган.
Мен ўзбек компанияларига эртароқ мулоқот бошлаш, шериклик имкониятини ўрганиш ва Британия бозорини чуқур тушунишга вақт ажратишни тавсия қилган бўлардим. Зеро, Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳақиқий қизиқиш мавжуд ва ҳар икки томон учун узоқ муддатли ўсиш имконияти катта.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабати сўнгги йилларда мутлақо янги мазмун ва стратегик йўналиш касб этмоқда. Интервью давомида Девид Рид қайд этганидек, бугунги ҳамкорлик фақат савдо ҳажми эмас, балки инфратузилма, молия, инновация, “яшил” иқтисодиёт, таълим ва юқори технология каби кенг қамровли соҳалар билан ҳам белгиланмоқда.
Айниқса, Лондон молия бозорининг Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиши, британ компанияларининг “Янги Тошкент” сингари йирик лойиҳалардаги иштироки, шунингдек таълим соҳасидаги мустаҳкам алоқалар икки давлат муносабатлари узоқ муддатли ва институционал асосга эга бўлиб бораётганини кўрсатади.
Суҳбатдан англашиладики, Буюк Британия Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиёдаги истиқболли бозор, балки минтақанинг келажакдаги иқтисодий ва логистик марказларидан бири сифатида баҳоламоқда. Ўзбекистон эса ўз навбатида глобал инвестиция, халқаро молия ва инновацион ҳамкорлик учун очиқ давлат сифатида янги қиёфа намоён этмоқда.
Кўринадики, кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги шериклик янада амалий мазмун касб этиб, янги инвестиция, қўшма лойиҳалар ва инсон капиталига қаратилган ташаббуслар билан бойиб боряпти.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди.
ЎзА