Депутатнинг обрўйи ваъдада эмас, амалий ишида
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказяпти.
Депутат Дилрабо Холбаева ҳам Янгийўл шаҳар ва туманидаги “Фаровон”, “Навбаҳор”, “Гулбахор” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳолининг муаммоларини тинглади.
Янгийул шаҳар Фаровон маҳалласида яшовчи фуқаро Умида Эрназарова янги қурилган уйга ариза берган ва тўлов қилган. Аммо тўлов муддати баённомада кўрсатилган муддатдан ўтиб кетганлиги сабабли унга ваъда қилинган хонадон бошқа одамга расмийлаштирилган. Эрназарова депутатдан ушбу масаланинг ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам сўради.
Депутат ушбу муаммо юзасидан шаҳар ҳокими Ф.Мирзаев билан учрашиб, масалани жойида ҳал этди. Натижада У.Эрназаровага уй расмийлаштириб бериладиган бўлди.
Шунингдек, депутат эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Янгийўл тумани Гулбаҳор қўрғонида яшовчи хусусий тадбиркор Мухитдин Исроилов билан учрашди. М.Исроилов депутатдан 6 гектарлик иссиқхонада қулупнай етиштириш учун субсидия олишда муаммоларга дуч келаётганлигини айтиб, амалий ёрдам сўради. Д.Холбоева мазкур масалани тегишли мутасаддилар билан ҳал этишни ўз зиммасига олди.
Депутат таълим масканларидаги шароит, муаммолар билан яқиндан танишиш мақсадида тумандаги 1-умумтаълим мактабида бўлди. 900 ўринга мўлжалланган мактабда ҳозирда 1 минг 900 нафар ўқувчи таълим олаётганлиги, синф хоналарининг етишмаслиги сабаб бир қанча ноқулайликлар мавжудлиги аниқланди. Мактаб педагоглар жамоаси таълим муассасаси учун қўшимча бино зарурлиги юзасидан амалий ёрдам сўрашди. Халқ вакили ушбу муҳим масаланинг ечимини таъминлаш мақсадида тегишли идоралар билан бамаслаҳат ҳал қилишга ваъда берди.

Қўш тепа маҳалласида ҳам қатор муаммолар аниқланди. Хусусан, аҳоли сони 2 мингдан зиёд бўлган маҳаллада 480 нафар мактаб ўқувчиси, 300 зиёд мактабгача таълим ёшидаги болалар бор. Минг афсуски, маҳаллада на мактаб, на боғча бор. Мактаб ўқувчилари 6-7 чақирим йўл босиб, қўшни маҳалладаги 17-умумтаълим мактабига қатнайди.
Қишнинг қировли кунларида ёш болаларнинг шунча йўлни босиб, мактабга қантнашини тасаввур қилиш қийин эмас. Депутат Д.Холбоева ушбу муаммолар бўйича вилоят ҳокими Р.Холматов билан бевосита гаплашиб, муаммо ечими бўйича тегишли карорга келинди.
Бундан ташқари, мазкур ҳудудда яшовчи фуқаролар томонидан суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига нисбатан эътирозлар, маҳалла ҳудудидаги ички йўллар ва электр симёғочлари носозлиги, тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида бир қатор камчиликлар мавжудлиги билдирилди.
Депутат фуқаролардан юқоридаги масалалар бўйича аризаларни қабул қилиб, уларни боқичма-босқич ҳал этишни ўз зиммасига олди.
Яна бир депутат Зуҳра Шодиева Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот олиб борди.
Дастлаб Оққўрғон шаҳридаги 78-ихтисослаштирилган мактаб интернатида кенг жамоатчилик вакиллари ва ўқитувчилар билан учрашув ўтказилди. Мактабда яратилган шароит, ўқув-тарбия ишлари, иссиқлик тизимининг ҳолати ўрганилди.
Маълум бўлишича, ушбу мактаб биноси ва унинг ётоқхонаси 1963 йилда қурилган. Муассаса 350 ўринли бўлиб, тарбияланувчиларга 50 нафар олий маълумотли ўқитувчи, 50 нафар тарбиячи таълим-тарбия бериб, ҳунар ўргатмоқда.
Мактаб директори Ҳидоят Мадаминованинг айтишича, яқин вақтгача мактаб биноси, ётоқхоналар, иситиш тармоқлари, болалар кийим-кечаклари ҳозирги талаб даражасида эмас эди. Аммо охирги 3 ой ичида давлат ва ҳомийлар томонидан ажратилган пул маблағларига болаларга кийимлар олиб берилди, мебеллар янгиланди, ётоқхона жиҳозланди. Синфхоналарга 4 та компьютер олинди. Ходимларнинг фаолият олиб боришлари учун ҳамма қулай шароит яратилди. Кутубхона ўқув ва бадиий адабиётлар билан таъминланди.
Шундан сўнг депутат З.Шодиева туман тиббиёт бирлашмасининг марказий поликлиникасига борди. Поликлиника мудири Музаффар Раҳматиллаевнинг таъкидлашича, яқинда поликлиника биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Лекин айрим жойлари ва иситиш шаҳобчаси тўлиқ талабга жавоб бермайди. Иссиқ сув бир текис иситиш тармоқларига етиб бормаяпти.
Кейинги манзил тумандаги Абай маҳалласи бўлди. Маҳалла аҳолиси номидан шу маҳаллада яшовчи Абдумўмин Каримов ариза орқали мурожаат қилган эди. Депутат аризада кўрсатилган жойларни кўриб чиқди.

Маълум бўлдики, йўлларни яхшилаш, газ, электр қуввати, ичимлик суви таъминотини яхшилаб бериш учун 2011 йилдан бери юқори ташкилотларга ариза билан чиқишган, электр қуввати таъминоти яхшиланган, лекин кўча чироқлари ўрнатилмаган. Ичимлик суви таъминоти, шунингдек, газ таъминотининг маълум қисми ўз маблағлари ҳисобидан яхшиланган. 2 минг 220 метр йўл таъмирталаб даражада.
Аҳоли мурожаатлари бўйича ўрганилган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА