Депутатликка номзодлар рўйхатга олинди
Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Комиссия раиси Ш.Жўраев бошқариб борган мажлисда Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги депутатлик ўринлари учун 200 нафар номзод тўғрисидаги аризалар “Е-saylov” тизими орқали ҳудудий сайлов комиссиясига юборилганлиги ҳақида ахборот берилди.
Таъкидланганидек, сиёсий партиялар томонидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашига номзодларни тавсия этишда тегишли қонунлар сайлов кодексига белгиланган талабларига риоя қилинган.

Номзодларнинг 198 нафари олий маълумотли бўлиб, уларнинг 2 нафари хорижда олий таълим олган, 2 нафари эса ўрта махсус маълумотли. Номзодларнинг 16 нафари илмий даража унвонларга эга, 16 нафари турли давлат мукофотлари совриндори.
Номзодларнинг 86 нафари, яъни 43 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Мажлисда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Мажлисда, шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жорий йилнинг 22 сентябридан бошланиши ҳамда мазкур жараён сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида тўхтатилиши маълум қилинди.

Сайловолди ташвиқот даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга Навоий вилояти телерадиокомпаниясида ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти, вилоят “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталарида бир хил нашр майдони бепул ажратилиб, тенг шароитлар таъминланиши қайд этилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири