Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодексида белгиланган тартиблар, хусусан, кодекснинг 37-моддасига кўра, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партиялар, номзодларни белгиланган тартибда рўйхатга олиш ва улар ҳақидаги маълумотларни расмий эълон қилиш Ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб, сиёсий партиялар томонидан халқ депутатлари вилоят кенгашига кўрсатилган номзодлар белгиланган тартибда рўйхатга олинди.
[gallery-19368]
– Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 55 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан бир нафардан, жами 275 нафар номзод тўғрисидаги аризалар “Е-сайлов” тизими орқали ҳудудий сайлов комиссиясига юборилган, – дейди Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёржон Расулов. – Сайлов комиссияси томонидан номзодлар ва улар ҳақидаги маълумотлар ўрганиб чиқилди. Маълумотлар Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига тўла мос келади.
Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган 275 нафар номзодни халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сайлов кодексининг 40-моддасига асосан, ҳудудий сайлов комиссияси беш кунлик муддатда номзодларнинг рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни белгиланган тартибда эълон қилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари