Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Акшагул Тулегенова Учқудуқ туманида бўлиб, бир гуруҳ ташаббускор ёшлар билан учрашди.
Тадбирда депутат ёшларга қонунларни қабул қилиш жараёнлари, қонунлар ижроси борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил тушунтириш бериб ўтди.
Қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган учрашувдан сўнг Ақшагул Тулегенова мурожаатлар ижроси юзасидан ўрганишлар олиб борди.
“Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Раъно Тоғайназарова бўлиб ўтган суҳбат чоғида хонадон соҳибаси бир неча йиллардан буён ётиб қолганлиги, “Аёллар дафтари”га киритилиб, 20,7 миллион сўм маблағ ажратилган ҳолда Навоий вилояти кўп тармоқли поликлиникасида оёғида операция амалиёти олиб борилгандан сўнг юра бошлаганлигини айтиб ўтди. Бу эса юртимизда инсон қадри ҳар нарсадан устун эканлиги, амалга оширилаётган ислоҳотлар “инсон учун” тамойили асосида олиб борилаётганлигини англатади.
Шунингдек, Дилнавоз Ёрқуловага ҳам “Аёллар дафтари” орқали 13,7 миллион сўм маблағ тўлаб берилиб, 1-гуруҳ ногирони бўлган фарзанди Моҳинур Ибодуллаеванинг бош қисмида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Айни пайтда Моҳинурнинг саломатлиги тикланиб бормоқда.
Депутатларнинг аҳоли вакиллари билан учрашувлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири