Депутатлар ёшлар билан учрашди
ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Навоий давлат университети фаоллар залида партиянинг “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида депутат ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова, ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Муҳаммад Эшниёзов, олий таълим муассасаси профессор ва ўқитувчилари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80-юбилей саммитида сўзлаган нутқига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидландики, сўнгги 8 йил давомида мамлакатимиздаги турли соҳаларда жадал ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида қатор ютуқларга эришилмоқда. Бу эса дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этиб келинмоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилди. Бунга, аввало, таълим ва илм-фан соҳасини ўзгартириш, инновацион тармоқлар ва саноат корхоналарини барпо этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш ва натижада миллионлаб иш ўринлари яратиш орқали эришилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Энг асосийси, ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қаралмоқда.
Учрашув давомида талабалар ҳам сўзга чиқиб, саммит доирасида мамлакатимиз етакчисининг нутқи ва бир қанча давлат раҳбарлари билан олий даражадаги учрашувлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Саммит доирасида юртбошимизнинг сўзлаган нутқи ва давлат раҳбарлари билан учрашувларини чуқур ҳаяжон билан кузатиб бордим, – дейди Н.Ёқубова. – Унда билдирилган фикрлар ва имзоланган манфаатли шартномалар биз ёшларга келажакка бўлган ишонч билан бирга ватанимиз тараққиёти учун улкан масъулият ҳам юклайди. Давлатимиз раҳбари томонидан педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклиф этилди. Бу каби ташаббусларнинг илгари сурилиши мамлакатимизда ёш авлоднинг дунё илм-фан саҳнасига дадиллик билан кириб боришига ва умумэътироф этилган ютуқларга эришишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбир сўнггида бир гуруҳ талабалар партия аъзолари сафига қабул қилиниб, партиянинг “Янги авлод кадрлари” захирасига олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири