Президентимиз раислигида жорий йилнинг 30 июль куни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги жуда кўп масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги уч йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла экилаётган ерлар озиқ-овқат етиштиришга берилгани, 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилгани, эскирган 107 минг гектари янгилангани, 1 миллиард долларлик 1,5 мингта озиқ-овқат лойиҳаси ишга тушгани, бундан ташқари, 100 минг тонна сақлаш, 70 минг тонна қуритиш, 46 минг тонна саралаш ва қадоқлаш қувватлари яратилганлиги таъкидланди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилиб, Ўзбекистон Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Кенгаши аъзолигига сайланганлиги, бу миллий ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш, янги лойиҳаларга маблағ жалб қилишда мамлакатимиз учун катта имконият эканлиги қайд этилди.
Умуман, йиғилишда билдирилган фикрлар, берилган топшириқ ва вазифалар нафақат соҳага дахлдор мутасаддилар, балки барча даражадаги раҳбарлар, масъуллар, хусусан маҳаллий кенгашлар депутатлари учун ҳам аниқ ҳаракатлар дастури бўлди, десам муболаға бўлмайди.
Юртимизда охирги йилларда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари натижасида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажми тобора ўсиб бормоқда. Олти ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоизга ошгани, “Ўзбекистонда етиштирилган” брендининг халқаро бозорда тан олинаётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Ана шундай бир шароитда вилоятимизда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида, экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, туман ва шаҳар ҳокимлари, тадбиркорлар, аграр соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг саъй-ҳаракати билан мазкур йўналишдаги мавжуд захира ва имкониятлардан тўлиқ, оқилона фойдаланиш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда “Агростар” компаниялари, иссиқхона хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кооперациялари сингари янги институтлар орқали фермер ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айтиш жоизки, ушбу масала партиянинг ўз олдига қўйган устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.
Йиғилишда таъкидланганидек, экспорт таркибини диверсификация қилиш, янги бозорларга чиқиш, қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш, маҳсулотни қадоқлаш ва логистика тизимини такомиллаштириш — бугунги кун талаби. Бу борада ҳудудларда амалга оширилаётган модернизация жараёнлари, айниқса, Андижон вилоятида барпо этилаётган замонавий қадоқлаш ва сақлаш инфратузилмалари албатта, мамлакатимиз экспорт имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган молиявий ва солиқ имтиёзлари, айниқса, табиий газ таъминотидаги кафолатлар шубҳасиз, соҳа ривожини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим роль ўйнайди.
O’zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши Президентимиз ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этишни, ҳудуддаги имконият ва ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Бу борадаги ислоҳотларни изчил амалга ошириш жараёнидаги фаол иштирокни давом эттиради.
Партиядан сайланган ҳар бир депутат йиғилишдан ўзларига тегишли хулоса чиқаради. Ўз ҳудудларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, фермерлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиш, уларга институционал ва ташкилий ёрдам кўрсатишга қаратилган вазифаларни самарали амалга оширишни ўз зиммасига олади.
Биз, депутатлар юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ана шу ишларда фаол иштирок этамиз.
Хуршидахон ХАЛИЛОВА,
Халқ депутатлари Андижон вилояти
Кенгаши депутати, O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари.
ЎзА