Айни пайтда жойларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Хусусан, парламент қуйи палатаси депутати Равшан Мамутов сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, уларнинг мурожаатлари ва таклифларини тинглаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Ғалаба” ҳамда Навоий маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда халқ вакили томонидан мустақиллик йилларида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинган қонунлар ва уларнинг жамият фаровонлигини таъминлаш, одамлар ҳаётини яхшилашда тутган ўрни ва аҳамияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича тушунчалар берилди.
Учрашув давомида аҳоли муаммолари, таклифлари ҳам тингланди. Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги айрим кўчаларнинг йўлларини яхшилаш, электр таъминоти, сим ёғочларни алмаштириш, ишсизлик масаласи, 30-умумтаълим мактабига замонавий футбол, волейбол майдончаларини қуриш каби аҳоли томонидан билдирилган муаммоларнинг ечими назоратга олинадиган бўлди.
Халқ вакилининг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА