Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди.
Унда халқ вакиллари мамлакатда инновацион ривожланиш соҳасига оид илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш, илм-фан ютуқларини рақамлаштириш ва ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Депутатларнинг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов жавоб берди.
Вазир таъкидлашича, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаси шиддат билан ривожланиши учун ислоҳотларни замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларга асосланган ҳолда амалга оширилиши тақозо этилади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда инновацион ривожланиш соҳасидаги қатор дастурлар, чора-тадбирлар тизимли ва изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, шу мақсадларда 2018-2020 йилларда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораторияларини 95 турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга 52,3 миллиард сўм йўналтирилди. Шунингдек, 2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 61,3 миллиард сўмлик 99 турдаги асбоб-ускуналар харид қилиниши режалаштирилган.
Ҳудудларда олий таълим муассасалари ва тармоқлар интеграциясини таъминлаш, ишланмаларни амалиётга жорий этиш мақсадида Андижон вилояти Марҳамат туманида Андижон тажриба кўргазма майдони ва илмий фаолиятни жадаллаштиришга қаратилган Андижон давлат университети қошида Таржимашунослик ва луғатшунослик инновация маркази ташкил этилмоқда.
Қайд этилганидек, жорий йил 1 октябрь ҳолатига Фанлар академияси, олий таълим муассасалари ва тармоқ илмий ташкилотларининг жами 39 та илмий ишланмаси тижоратлаштирилди. 4 та инновацион ишланма бўйича интеллектуал мулк объектларига бўлган фойдаланиш ҳуқуқини инвесторларга ўтказган ҳолда 4 та лицензия шартномаси тузилган. 4 та илмий ишланма 4 та инновацион стартап компаниялар ташкил этиш орқали молиялаштирилди.
Илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, уларнинг амалий самарадорлик ва натижадорлигини, “буюртмачи – тадқиқотчи – инвестор” узвийлигини таъминлашга қаратилган инновацион ишланмаларнинг махсус портали (portal.spcenter.uz) ишга туширилди. Ушбу портал фойдаланувчиларни рўйхатга олиш ва тегишли шахсий кабинетлар орқали ишлашга асосланган бўлиб, фойдаланувчилар “Буюртмачи”, “Инвестор” ва “Тадқиқотчи” категорияларига ажратилган.
Ҳозирда “Тадқиқотчи” базасида 529 та инновацион ишланмалар мавжуд бўлса, “Буюртмачи” базасида эса тармоқ корхоналари муаммолари ва уларни ечиш учун илмий ишланма ва инновацияларга буюртмалар сони 167 тага етди.
Муҳокамалар жараёнида инновацион ривожланиш вазири ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича ҳам маълумот берди.
Қайд этилганидек, ёш илмий арбобларни кўпайтириш, илмий ҳамжамиятнинг ўртача ёшини пасайтириш ҳамда табиий ва гуманитар фанларни ёшлар орасида ривожлантириш мақсадида вазирлик ҳузурида Ёшлар академияси ҳамда Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Бугунги кунда Ёшлар академияси аъзолари геология, биология, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, саноат дизайни ва 3D моделлаштириш соҳаларида ўз лойиҳаларини амалга оширмоқдалар.
Шунингдек, ёш тадқиқотчиларни илм-фан соҳасига кўпроқ жалб қилишга эътибор қаратилмоқда. Натижада жорий йилдаги докторантурага қабул қилинганлар сони 2017 йилга нисбатан 4 баробарга ортди. Илмий изланувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга тўланадиган стипендиялар миқдори 1,8 миллион сўмдан 3,5 миллион сўмга оширилди.
Депутатларнинг қайд этишича, бугунги кунда илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш, мамлакатимизнинг ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси билан нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. “Ҳукумат соати”да халқ вакилларининг мазкур йўналишда қандай амалий чора-тадбирлар кўрилаётгани юзасидан саволларига жавоб берилди.
Вазир таъкидлашича, инновацион ва долзарб илмий ишланмани хорижда рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш мақсадида тегишли Низом асосида илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари таклифлари асосида 100 та ишланма бўйича таклифлар шакллантирилган.
Сараланган 15 та интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар) дастлабки рўйхатга киритилган. Хорижда рўйхатга олиш учун танлаб олинган илмий ишланмалардан – “Резервуарлар учун понтонли қурилма” қабул қилинган. Ҳозирда ушбу патентни хорижда рўйхатга қўйиш билан боғлиқ харажатларни Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қоплаб бериш ишлари олиб борилаётир.
Парламент аъзолари “Ҳукумат соати”да муҳокама қилинган масала юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдириб ўтишди. Муҳокамалар якунида мазкур йўналишлардаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.