Депутат ва ОАВ: ҳамкорлик самараси
Нукусда O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Депутат ва ОАВ: ҳамкорлик ва келгусидаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ш.Ўтемисов ўтган йиллар мобайнида партия томонидан амалга оширилган тадбирлар, депутатлар томонидан ўзлари сайланган ҳудудларда олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда «Халқ давлат органларига эмас, балки, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида жойларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, фуқароларнинг бошқариш органларига бўлган ишончини юксалтириш, аҳоли, шу жумладан, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатда бунда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан ҳамкорлик ижобий самара бериши қайд этилди.

Тадбирда депутатлар сўзга чиқиб, жойларда аҳоли муаммоларини ечиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига тўхталди. Бу борадаги ишларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг оммага етказиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА