Депутат тумандаги шароитлар билан танишмоқда
Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида маҳалла фаолиятини ўрганди.
Дастлаб халқ вакили “Жайҳун” шаҳарча фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла еттилиги билан учрашди. Мазкур маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг уй олди томорқа еридан самарали фойдаланиш, ҳар бир хонадон эгасининг тажрибалари, маҳалла аҳли дуч келаётган муаммолар, ҳудудни ободонлаштириш ишлари ва ички йўлларнинг таъмирталаб ҳолатлари билан яқиндан танишди.

Кейинги манзил тумандаги ижтимоий соҳа объектларидан бири – 48-сонли оилавий поликлиника бўлди. Халқ вакили тиббиёт соҳаси вакиллари билан мулоқот жараёнида кейинги йилларда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, амалга оширилаётган ишлар, парламентдаги янгиликлар, қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтди. Бундан ташқари, мазкур оилавий поликлиникада аҳоли учун сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ишлари, беморлар учун яратилган шароитлар ва муаммолар ўрганилиб, таклиф ва фикрлар ҳам тингланди.

Шундан сўнг депутат тумандаги 17- сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, у ерда тарбияланаётган болалар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишди. Мазкур муассасада олиб борилаётган ишлар, логопед, дефектолог, шифокор ва тарбияланувчилар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича керак бўладиган методик қўлланмалар, махсус ускуналар ва техник базани мустаҳкамлаш учун тегишли ташкилотлар билан биргаликда амалий ечимлар топишга келишиб олинди.
Учрашувлар давомида кўтарилган муаммолар назоратга олиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Қонунчилик палатаси депутатининг жойларда аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири