Мамлакатимизда кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар холидан хабар олиш, ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ҳозирги пандемия даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни назардан қочирмай, уларга мадад бериш муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, ҳар куни қилиши керак” шиори остида ташрифлар давом этмоқда. Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, депутат Макар Яковлев томонидан Бекобод шаҳридаги “Бирдамлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ва “Саҳоват уйи”да хайрия тадбирларини ўтказилди.
Унда депутат томонидан 10 га яқин оилаларга 10 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатилди.
– Бизга кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, – дейди Зухра Облакулова. – Ҳар бир байрам, яхши кунларда халқ вакиллари ва қўни-қўшнилар йўқлаб туради. Меҳр-оқибатли халқимиздан, хонадонимизга файз келтирган ташкилотчилардан жуда хурсандман.
Шунингдек, Маҳалла раиси ҳамда “Бекободцемент” акциядорлик жамияти фаол аъзоси Мурат Миркамиловлар иштирокида шаҳарнинг “Саҳоват уйи” қариялари учун ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. Улар билан дилдан суҳбат қилинди.