Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши қошидаги “Депутат аёллар” клубининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия “Аёллар қаноти” фаоллари ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши 22006 нафар умумий аъзолари сонининг 10036 нафарини хотин-қиз ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ЎзМТДП депутатларининг 6 нафари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг 39 нафари, бошланғич партия ташкилотлари раисларининг 293 нафари, Кенгаш раислари ва ўринбосарларининг 31 нафари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган аъзоларининг 2 нафари хотин-қизлардан иборат. Хотин-қизлар, оила, оналик ва болалик, тазйиқ ва зўравонлик, гендер масалалари борасида мавжуд муаммоларни тизимли ҳамда манзилли ҳал этиш, шунингдек жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш мақсадида жамоатчилик асосида “Депутат аёллар” клуби фаолияти йўлга қўйилди.


–Ташкил этилаётган клуб депутат аёлларимизнинг ўзаро тажриба алмашиши, белгиланган вазифаларни бажаришда янада жипслашишида муҳим аҳамият касб этади,–дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Инжойим Сейтназарова. –Мазкур клуб- депутатларимиз учун тажриба мактаби вазифасини ўтаса, яна бир жиҳатдан, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари фаолияти доирасида фикр алмашиш имконини беради.

Тадбир давомида депутат аёллар томонидан келгусида клуб фаолиятини яна да ривожлантириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Қаҳрамони Онесия Сайтова ва бир қатор фаол аёллар партия сафига қабул қилинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА