Сурхондарё вилояти Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридаги илмий тадқиқот маркази профессори Барве Сиддҳивинаяк иштирокида “Эфир мойли ўсимликлардан эфир мойини ажратиб олиш технологияси” мавзуига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Профессор-ўқитувчилар, аниқ ва табиий фанлар факультети талабалари қатнашган семинарда институт ректори Ойбек Рўзиев сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграциясини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор таълим сифатини ошириб, битирувчиларни иш билан таъминлашда ўз самараларини бераётганини таъкидлади. Бу борадаги ишлар натижадорлигини янада ошириш учун институт хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини кенгайтираётганини қайд этди.

Айни пайтда институтнинг биология ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва технологиялари ҳамда умумий кимё ва кимёвий технологиялар кафедралари профессор-ўқитувчилари ҳамда илмий изланувчилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бой воҳада қатор илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Замонавий саноатда кенг ишлатиладиган эфир мойларидан лак-буёқ, атир-упа, совун ишлаб чиқаришда, озиқ-овқат эссенциялари, тиш пасталари тайёрлашда фойдаланилади. Қалампирдан ажратиб олинган эфир мойлари тиббиётда қўлланилади. Кимё саноати ва фармацевтикада ҳам эфир мойлари ишлатилади. Институтда ўсимликлардан эфир мойини ажратиб олишга қизиқиш келажакда бу турдаги маҳсулотларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириб, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Семинар-тренингда ҳиндистонлик олим эфир мойларини ажратиб олишнинг илғор технологиялари, экологик жиҳатдан тоза ва самарали усуллари ҳақида атрофлича маълумот берди. Унинг бу борадаги тажриба ва ёндашувлари барчага манзур бўлди. Илмий изланиш олиб бориш учун билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади.


Семинар-тренинг доирасида профессор Барве Сиддҳивинаяк институтда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун яратилган шароитлар ва илм-фан фидойиларининг янги ёндашувлари билан яқиндан танишди. Ўқув дастурларидаги замонавий ўзгаришлар ҳамда қўлланилаётган педагогик услублар катта қизиқиш уйғотди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири