Деновда Мирзо Улуғбек шарафига ҳайкал қад ростлади
Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига дунё илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк астроном, математик ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатилди.
Муаззам ҳайкалнинг тантанали очилиш маросимида ўз даврининг атоқли алломаси ҳаёти ва жаҳон илм-фанига қўшган улкан ҳиссаси, давлат арбоби сифатидаги фаолияти хусусида атрофлича сўз юритилди. Ўз салтанатини адолат ва инсонпарварлик ғоялари асосида бошқариб, кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга оширгани нафақат илм-фан, балки маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратгани, кўплаб мадраса, кутубхона, масжид, карвонсарой, кўприк, сўлим боғлар барпо этгани қайд этилди. Темурийлар давлати машҳур ҳукмдорининг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари бизнинг давримизда ҳам юлдузлар илми соҳасида дунёдаги энг нодир асарлардан бири сифатида алоҳида эътироф этилиб, ўрганилаётгани таъкидланди.


– Улуғ аждодимиз хотирасига ўрнатилган ҳайкал талаба-ёшларимизга ўтмишда ҳам юртимиз кўплаб буюк зотларга бешик бўлганини эслатиб туради, – дейди институт ректори Ойбек Рўзиев. – Уларнинг фахр туйғусини юксалтириб, илм-фанга қизиқишини янада оширади. Тафаккурини бойитиб, буюк аждодларимиз меросига ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.


Маросим иштирокчилари муаззам ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйиб, буюк аллома хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Олий таълим муассасасининг “Турон” талабалар театр студияси Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” асари асосида саҳналаштирган спектакль намойиш этилди. Илм-фан ва бошқа соҳаларда эришган ютуқлари учун бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар меҳнати муносиб рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири