Академик Назар Тўраев ҳаётига чизгилар
Академик Назар Тўраевни илм аҳли яхши билади. Назар акадан бир сафар илмий фаолиятининг мазмунини сўрадим.
Ўн миллион даражадаги иссиқликда сиртнинг емирилишини қандай қилиб камайтириш муаммолари устидаги тадқиқотларини шогирдлари ҳамроҳлигида давом эттираётган экан.
“Агар ижтимоий тараққиёт шундай суръатлар билан давом этаверса, 50-60 йилдан сўнг инсоният ер юзидаги ва ер остидаги ёқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани битиради. Ана ўшанда инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ва қондириш керак бўлади. Кандай килиб?
Бу ёқда ёқиш мумкин бўлган ўтин ҳам, кўмир ҳам, газ ҳам тугайди... Ўшанда одамларда сувнинг таркибидаги водород атомини парчалашдан бошқа илож қолмайди. Дунёдаги барча денгиз, уммонлар водород атомини эса ҳавода парчалаб бўлмайди.
Бунинг устига унинг парчаланиши учун 10 миллион даражада иссиқлик керак. Биз ҳозир водород парчаланаётган, тўғрироғи, портлаётган макон деворининг емирилиши даражасини камайтириш муаммоларини тадқиқ қилаяпмиз”, деган эди Назар ака ўшанда.
Назар ака баён этган манзараларнинг тафсилотларини кўз олдимизга келтириб ҳайратга тушган эдим.
Ўзбекистонда илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлардан бири Назар Тўраев ҳисобланади. Унинг физика соҳасидаги тадқиқотлари, илмий раҳбарлиги ва ижтимоий фаолияти мамлакатимиз тарихида ўчмас из қолдирди.
Назар Тўраев 1938 йил 19 майда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. У ёшлигидан илм-фанга қизиқиши ва изланиши билан ажралиб турган. Мактабни муваффақиятли тамомлагач, 1961 йилда Самарқанд давлат университетининг физика факультетини битирди.
Бу давр Тўраевнинг илмий фаолиятидаги биринчи қадамлари учун асос бўлди.
Университетни тугатгач, Тўраев Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида иш бошлади. У 1961—1967-йилларда институтда фаолият юритар экан, атом зарраларининг қаттиқ жисмлар сиртида сочилиши назарияси бўйича тадқиқотлар олиб борди.
Ушбу даврда у ўзининг илмий изланишларини чуқурлаштириб, физика соҳасидаги янги ёндашувларни ишлаб чиқди. 1968 йилда Электроника институтида ишлай бошлади ва у ерда 1977 йилгача фаолият юритди. Шу даврда у ўзининг илмий салоҳиятини ошириб, ядро физикаси ва электроника соҳаларида йирик натижаларга эришди.
Назар Тўраев 1980 йилда физика-математика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва 1982 йилда профессор унвонига сазовор бўлди.
1988 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби" унвони билан тақдирланди. 2000 йилда у Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Бу унинг илмий фаолиятини юқори баҳолашнинг яна бир тасдиғи эди.
1983 йилда Назар Тўраев Термиз давлат университетига ректор этиб тайинланди. У 17 йил давомида ушбу университетни бошқариб, уни республикадаги нуфузли олий ўқув юртларидан бирига айлантирди. Ректорлик фаолияти давомида университетда замонавий лабораториялар ташкил этилди, илмий кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди.
Шунингдек, Тўраевнинг ташаббуси билан университетда қишлоқ хўжалиги экинларини лазер нурлари билан нурлантириш бўйича инновацион илмий лабораториялар ташкил этилди. Ушбу лабораториялар қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга катта ҳисса қўшди.
Назар Тўраев ўз илмий фаолиятида асосан атом зарраларининг қаттиқ жисмлар юзасида сочилиши, ионларнинг бирламчи ва иккиламчи сочилиши масалаларига эътибор қаратди. У назарий физика масалаларини компьютер алгоритмлари ёрдамида ечиш бўйича Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб инновацион ёндашувларни амалга оширди.
Бу ёндашув нафақат физика соҳасидаги илмий кашфиётларга, балки технология ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.
Назар Тўраев дунё миқёсидаги бир қанча халқаро илмий конференцияларда иштирок этиб, Ўзбекистон илм-фанини халқаро майдонга олиб чиқишда муҳим роль ўйнади.
Назар Тўраев нафақат илмий фаолият, балки ижтимоий ва сиёсий ҳаётда ҳам фаол иштирок этди.
У 1990—1995-йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати сифатида хизмат қилиб, таълим ва илм-фан соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Депутат сифатида олимларнинг илмий изланишларига шароит яратиш, таълим тизимини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
1998 йилда Назар Тўраев "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. Бу мукофот унинг мамлакат ривожига қўшган улкан ҳиссаси яна бир бор эътироф этилишидир. Назар Тўраевнинг бутун ҳаёти илм-фан ва таълим соҳасига бағишланган бўлиб, унинг хизматлари нафақат ўзбек халқининг, балки халқаро илмий ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди.
Назар Тўраев 2023 йил 3 октябрда 85 ёшида вафот этди. Назар Тўраевнинг номи бугунги кунда Ўзбекистон илм-фани ва таълим тизимида катта ҳурмат билан тилга олинади.
Назар Тўраев хотирасини абадийлаштириш, ёш авлодни унинг илмий тадқиқодлари ва ҳаёти йўлидан хабардор этиш мақсадида Денов тумани ҳокими Назар Тўраевнинг уй музейини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди.
Назар Тўраевнинг ҳаёти ва фаолияти ўзбек илм-фани тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилган. Унинг физика соҳасидаги тадқиқотлари, илмий раҳбарлиги ва педагогик фаолияти кўплаб ёш олимлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. У нафақат ўзининг илмий ишлари, балки жамият учун қилган хизматлари билан ҳам эъзозга сазовор.
Тоштемир Турдиев,
Денов туман Маънавият-маърифат бўлими раҳбари,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
ЎзА