Деновболанинг серсув олмалари ҳақида эшитганмисиз? (+видео)
Куз неъматлари
Китоб туманидаги Деновбола қишлоғи денгиз сатҳидан қарийб уч минг метр баландликда, тоғ бағрида жойлашган сўлим табиатли, ширинсув булоқ ва чашмаларга бой манзиллардан бири.
Мамлакатимизда аҳоли яшайдиган манзилларни янада обод қилиш борасидаги эзгу ислоҳотлар тоғли қишлоқларгача етиб борган. Деновбола қишлоғига борар эканмиз, тоғ йўлининг текис ва равон асфальтланганига гувоҳ бўлдик. Қийналмай манзилга етиб бордик.
Қишлоқда яшовчи аҳоли асосан тожик миллатига мансуб бўлиб, номи ҳам тожикчадан олинган “деҳнавболо”, яъни ўзбек тилида “катта янги қишлоқ” деган маънони англатар экан.
Қишлоқнинг табиати салқин ва баҳаво бўлгани учун олма дарахтлари бу ерда баравж ўсади. Ҳосили жуда серсув ва сифатли бўлади. Буни яхши англаган деновболалик боғбонлар гектарлаб майдонларда “крипсон”, “голден”, “салтанат” каби олма навларини етиштирмоқда.
Шу қишлоқлик Шомурод бобо Алимуродов ҳам умрининг катта қисмини боғбонликка бағишлаган. Шунинг ортидан барча орзу- ҳавасларига эришмоқда. У ҳудуддаги ўрмон хўжалиги билан шартнома асосида бир гектар майдонда олма етиштирмоқда. Айни кунларда боғбоннинг боғида ишлар қизғин. Бутун қишлоқ харидорларга тўлган. Шомурод бобонинг боғига ҳам харидорлар келган. Терилган олмалар, сараланиб қутиларга жойланаётган экан.
–Ҳорманглар, –дея баракали боғни айланиб боғбон билан суҳбатлашамиз.
– Боғимизга 500 тупдан зиёд “крипсон”, “голден” каби олма навларидан экканмиз, – дейди Ш.Алимуродов. – Кўчатларимиз 7 ёшдан ошди. Бу йил об-ҳаво ҳар йилгидан ҳам яхши келди. Шу боис ҳосил чўғи ёмон эмас. Ҳар бир дарахтдан 10-15 килограмм олма оламиз. Харидорларнинг ўзи боғимиздан келиб олиб кетади.
[gallery-19770]
Шохларга осилиб турган, ғарқ пишган олмалар кўзни қувнатади. Она табиатнинг беминнат неъматига шукрона келтирасиз. Оловдек қип-қизил олмалардан бирини олиб тишласангиз, серсувлигидан суви юзга сачрайди.
–Бу олмазорларда етилиб пишган олмаларнинг серсув ва сифатли бўлишида ҳудуднинг салқин табиати ва ширинбулоқ сувларининг аҳамияти катта, –дейди боғбонлар.
– Қишлоғимизнинг об-ҳавоси жуда ажойиб, шу боис олмаси ширин ва ҳиди хушбўй бўлади, – дейди боғбон. – Булоқдан насос ёрдамида тортиб келинган қувурдан оққан сув билан суғорамиз. Қишимиз жуда совуқ. Баъзи майдонларга икки метргача қор тушади. Шунинг учун паразитлар кам бўлади. Олмага қурт тушмайди. Экологик жиҳатдан тоза ва харидоргир.
Октябрь ойининг дастлабки ўн куни деновболалик боғбонлар учун айни қизғин терим палласи. Чунки ёғингарчилик мавсуми октябрнинг ўнидан кейин бошланади, шунгача барча ҳосилни йиғиштириб олиш керак.
Деновболалик боғбонлар ўтган йиллар давомида нафақат сифатли маҳсулот етиштириш, балки янги-янги навларни синовдан ўтказиш борасида ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, шу қишлоқлик Юсуф Алимуродов Туркиядан келтирилган 120 туп янги турдаги “жерими” навли олма навини экиб, жорий йилда дастлабки ҳосилни олаётир. Ҳудуднинг салқин ва совуқ ҳисобланган энг юқори қисмига экилган ушбу олма кўчатлари жорий йилда кутилган ҳосилни бера бошлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yuJ9RVMRmYQ" title="Denovbolaning sersuv olmalari haqida eshitganmisiz?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Буни эксперимент сифатида эккандик, – дейди Ю.Алимуродов. – Яна битта боғда 100 туп экканмиз. Юқори ҳудудда экилгани билан гуллаши 15 кун фарқ қилади. Бу ердаги олмалардан фарқи шундаки, ранги тўқ қизил ва уй шароитида узоқ муддат сифати бузилмай туради. Мана бу йилдан нишона ҳосилни бера бошлади ва ҳосил биз кутгандан ҳам аъло бўлди. Келгусида бу навни янада оммалаштиришни мақсад қилганмиз.
Деновбола қишлоғида бугунги кунда 250 та хўжалик истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг ҳар бирида камида 50 сотихдан олмазор бор. Қайси бир хонадонга кирманг, келинг меҳмон, олмадан татиб кетинг, дейишади. Серқуёш ва саховатпеша заминимизда етиштирилган бу каби серсув олмалар бугунги кунда нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўзининг харидорларига эга.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари