“Mastercard” компаниясининг мамлакатимиздаги Бош менежери Денис Филиппов Ўзбекистонда рақамли тўлов тизимини ривожлантириш бўйича мавжуд салоҳият хусусида фикр юритади:
– Ҳозир Ўзбекистонда нақд пулсиз амалиёт улуши умумий миқдорнинг қарийб 43 фоизини ташкил этади. 2023 ва 2024 йиллари бу рақам мос равишда 38 ва 41 фоиз эди. Яъни, мамлакат тўлов тизимини рақамлаштириш бўйича барқарор тараққиёт кўрсаткичини намойиш этмоқда.
Ўртача 29 ёшга тўлган аҳоли сони юқорилиги, мобил алоқа ва интернет, финтех сектори фаол ривожланиши каби омиллар биргаликда республика рақамли иқтисодиётга жадал ўтиши учун қулай шароит яратмоқда.
“Mastercard” мамлакат банкларида янги карта ва хизматлар ишга тушириш, таълим ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали ушбу жараёнда фаол иштирок этяпти. Биз ҳамкорлар билан молиявий саводхонликни ошириш, замонавий тўлов технологиясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, нақд пулсиз воситаларга ишончни мустаҳкамлашга интиламиз.
Айни пайтгача 1400 дан зиёд тадбиркор “Mastercard” электрон тижорат мактаби бепул тренингини тамомлаган, банк картасидан фойдаланиш асоси ва кибер хавфсизлик бўйича текин онлайн курслар энди компания ҳамкорларидан бирининг платформасида мавжуд.
Ҳар қандай мамлакатда нақд пулсиз ҳисоб-китоб ривожланиши, умуман, истеъмолчи одати ўзгариши каби, ўзаро боғлиқ мураккаб омиллар натижасидир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда ушбу тизим барқарор ўсишига туртки бўлаётган бир неча асосий омилни таъкидлаб ўтган бўлардим: – Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш – Ўзбекистон Марказий банки маҳаллий тўлов тизимини ислоҳ қилиш ва қўллаб-қувватлаш орқали рақамлаштиришни фаол рағбатлантирмоқда;
– Технология ривожланиши – етакчи банклар тобора қулай мобил илова ва онлайн хизмат турларини таклиф қилмоқда.
Тан олиш керак, аҳолининг кўпчилиги ҳамон нақд пулни афзал кўради. Шу боис, натижа эришиш учун солиққа оид маълумот ва молиявий, шунингдек ташаббуслар ва банк хизматидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш истеъмолчи хатти-ҳаракатини бошқаришда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга кибер хавфсизлик муаммоси, молиявий саводхонлик етарли эмаслиги ва инфратузилмага оид мавжуд чеклов глобал тўлов экотизими билан уйғунлашиш йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Рақамли транзакция доимий ўсиши ва кибер жиноят ривожланиб бориши замонавий хавфсизлик тизими жорий этилишини тақозо қилади. Бизнинг кибер хавфсизлик ва идентификация тизимимиз ҳар куни турли хавф-хатар билан боғлиқ тахминан 32 миллион ҳодисани кузатади. Бу тизим асосан сунъий интеллектга асосланган.
“Mastercard” банклар, шунингдек, молиявий ва номолиявий ташкилотларни ҳимоя қилувчи илғор технология ва хизматдан фойдаланган ҳолда, хавфсиз ва инклюзив рақамли келажак яратиш тарафдоридир. Шунингдек, молиявий саводхонликни ошириш муҳим. Кўпчилик, айниқса ҳудудлар аҳолисининг аксари рақамли тўловнинг афзаллиги ва механизмини ҳали тўлиқ тушунмайди. Бу янги хизматлардан фаол фойдаланишни чеклайди.
Ўзбекистон қишлоқларида барқарор интернет алоқаси ва чекланган миқдордаги POS-терминал етишмовчилиги рақамли тўлов жараёнига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун “Mastercard” регулятор, банк ва финтех компаниялари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда, рақамли инфратузилмани ривожлантирмоқда, замонавий технология ва тўлов хавфсизлиги стандартини жорий қилмоқда.
Масалан, 2025 йил бошида Ўзбекистонда кичик бизнесни рақамлаштириш бўйича лойиҳа ишга туширилиб, 12 000 кичик бизнес субъектига смартфон орқали тўлов қабул қилиш учун дастурий таъминотдан бепул фойдаланиш имкони яратилди. Шу тариқа ўзини ўзи иш билан таъминлаётганлар ҳамда кичик бизнес субъектлари, айниқса, интернет қамрови тор чекка қишлоқлар сезиларли даражада қўллаб-қувватланди. “Mastercard Strive” ташаббуси доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа бутун дунё бўйлаб 10 миллиондан кўп кичик бизнес вакилини қўллаб-қувватлаб, уларга капитал, бозор ва рақамли ечимдан фойдаланиш имкониятини тақдим этмоқда.
Компания маҳаллий бозорда қатор муҳим лойиҳалар амалга оширяпти. Maсалан, яқинда “Ҳозир сотиб ол, кейинроқ тўла” (БНПЛ) сегментидаги биринчи виртуал маҳсулот – ZOOD финтех платформаси ва Ипак Йўли банки билан ҳамкорликда яратилган “ZOOD Card” тақдим этилди. Карта “Amazon”, “eBay”, “Alibaba” каби турли онлайн-дўконларда 12 тагача тўловни бўлиб-бўлиб ўтказиш имконини беради.
Яқин келажакда биз ўз таклифларимизни рақамли ҳамён, P2P трансфери ва мобил тўлов сегменти, хусусан электрон тижорат соҳаси, шунингдек ёш ва фаол аҳолига мўлжалланган хизмат бўйича таклифимизни кенгайтирмоқчимиз.
Февраль ойида Миллий банк томонидан “Mastercard” билан ҳамкорликда жорий этилган “Swoo Pay” тўлов хизмати ишга туширилган. Ушбу илова Андроид смартфонини хавфсиз рақамли ҳамёнга айлантириб, мижозлар пластик карта олиб юриш заруратини бартараф этади – тўловни, ҳатто, интернетга уланмасдан смартфон орқали амалга ошириш мумкин.
Бозор учун долзарб ва жорий фойдаланиш ҳолати ишлаб чиқиляпти. Масалан, Ўзбекистон иқтисодиётида ҳамон нақд пул улуши салмоқли эканини ҳисобга олиб, яқинда Пайнет ва Асака банк билан ҳамкорликда тўлов терминали тармоғи орқали ҳар қандай банкдан “Mastercard” картасини тўлдиришни жорий қилдик. Бундан ташқари жисмоний шахслар учун ички пул ўтказмаси ва турли бизнес амалиётини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Мақсад – бозорнинг барча сегменти учун қулай, тезкор ва хавфсиз ечим тақдим этиш.
“Paysend” тўлов платформаси трансчегаравий ўтказма имкониятини кенгайтиради. Жумладан, маҳаллий тўлов тизими картасига тўғридан-тўғри тўлов амалга ошира олади. Бу 170 дан ортиқ мамлакат, жумладан Марказий Осиё ва Яқин Шарқдан пул ўтказмаларини соддалаштиради ва тезлаштиради.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА