Йўл-йўлакай
<iframe width="1250" height="703" src="https://www.youtube.com/embed/m_0c_kyIXqc" title="Dengiz darvozasi yoxud temir yoʻl, avtomagistral va havo transporti bilan bogʻlangan port" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Олдин кўрмаган ва билмаган нарсаларимизга дуч келсак унинг ёнидан бефарқ ўта олмаймиз. Бундай қизиқиш табиатимизга хос.
Шимолий Хитой дарвозаси – Тяньцзинь портида ҳам ана шу ҳисни туйдик. Ўзбекистон географик жиҳатдан денгизга чиқиш имконияти йўқ давлатлардан бири. Бепоён сувнинг оҳиста чайқалиши, қирғоқ қушларининг баланд овози ва кемалар маҳобати бизни бефарқ қолдирмаганининг сабаби ҳам шундандир эҳтимол.
“Йўл-йўлакай” рукнининг бу галгиси портлар ҳақида. Олдин ўзим ёзмаган мавзу, дуч келмаган манзара таассуротлари.
Порт – логистика. Ўзбекистонда бу йўналиш асосан қуруқлик орқали ривожланмоқда. Хусусан, кейинги йилларда замонавий транспорт йўлаклари ва логистика ечимларига эътибор қаратилмоқда. Бунда халқаро саъй-ҳаракатлар ва тажрибаларга таянилаётгани эътиборга молик.
Аниқ мисолларга тўхталамиз. Жорий йилда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланди. “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди.
Яна бир муҳим томони “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш чоралари кўрилмоқда. Бу йўналишни “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл магистрали билан туташтиришдек истиқболли режалар бор.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда халқаро транспорт йўлаклари ҳамда инфратузилмани ривожлантириш ҳаракатлари изчил давом этмоқда.
Хитойга бўлган хизмат сафаримиз давомида ана шу мавзу – портлар ҳақида қисқагина материал тайёрладик.
Кейинги йилларда Хитой нафақат ишлаб чиқариш, балки дунё савдосининг логистика марказига ҳам айланди. Бу жараёнда мамлакатдаги портлар ва транспорт инфратузилмасининг улкан аҳамият касб этгани тажриба билан исботланмоқда. Жаҳондаги энг йирик юк айланмасининг катта қисми айнан Хитой портлари орқали амалга оширилади.
Шанхай, Шэньчжэнь, Гуанчжоу, Нинбо каби портлар юк ташиш ҳажми бўйича жаҳонда етакчилар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири муайян функцияларга ихтисослашган. Шу қаторида Тяньцзинь порти ўз хусусиятлари ва стратегик ўрни билан алоҳида ажралиб туради.
Тяньцзинь шаҳрида жойлашган ушбу порт Хитойнинг учинчи йирик денгиз дарвозаси ҳисобланади. У Бўҳай кўрфазининг жанубий соҳилида жойлашган. Бу порт Шимолий Хитой, хусусан, Пекин ва Хэбэй провинцияси учун денгизга чиқишдаги асосий йўналишдир.
Бўҳай иқтисодий камаридаги барча йирик саноат ҳудудлари Тяньцзинь порти орқали маҳсулотларини экспорт қилади.
Порт темир йўл, автомагистрал ва ҳаво транспорти билан самарали боғланган. Бу юкларни тез ва кам харажат билан ички бозорларга тарқатиш имконини беради.
– Бугунги кунда бир юз саксондан ортиқ мамлакат ва минтақалардаги беш юздан зиёд порт билан тўғридан-тўғри боғланганмиз, – дейди Тяньцзинь порти терминал менежери Тиан Йиланг. – Бу “ақлли технология” концепцияси асосида ишлаётган Хитойдаги илк портлардан бири. Ташиш, контейнерларни ҳаракатлантириш, юклаш ва назорат жараёнлари автоматлаштирилган. Бунда сунъий интеллект имкониятлари кенг қўлланилади. Порт нафақат юк ташиш ҳажми билан, балки ақлли бошқарувга ихтисослашганлиги бўйича ҳам ажралиб туради.
Таъкидланишича, бу ердаги автоматлаштирилган контейнер терминаллар ишчиларсиз ҳам фаолият юритиши мумкин. Мутахассислар бу “яшил” ҳамда “ақлли” тажриба келажакда бошқа Хитой портлари учун намуна сифатида хизмат қилишини айтишмоқда.
Тяньцзинь порти “Бир камар – бир йўл” ташаббусининг муҳим логистик ҳалқасидир. У орқали Осиёдан Европа ва Марказий Осиёга юклар жўнатилади. Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Эрон каби давлатлардан келадиган транзит юклар ҳам айнан шу ер орқали жаҳон бозорларига чиқмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ(видео),
ЎзА мухбирлари