Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда декан ўринбосарининг жиноий хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.
Самарқанд давлат чет тиллари институти инглиз филологияси ва таржимашунослик факультети декани ўринбосари, Самарқанд туманида яшовчи И.О. фуқарони Жанубий Кореянинг Ёджу техника институти Самарқанд филиалига 6 минг АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, келишилган пулнинг 1000 долларини олдиндан олади.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида И.О. 4800 АҚШ долларини фуқародан олаётган вақтда қўлга олинди. Айни пайтда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА.