Декан ўринбосари пора билан қўлга тушди
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, уларга чек қўйиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро муҳандислик-технология институти факультет декани ўринбосари институтнинг 1-босқич талабаси Х.нинг ишончига кириб, танишлари орқали унинг ўқишини 500 доллар эвазига кундузги бўлимдан сиртқи бўлимга кўчириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 300 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа бир ҳолатда эса фуқаронинг фото ва видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб, эвазига мўмай пул талаб қилиш билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди.
Хусусан, Департамент ҳамда Тошкент шаҳар ИИББнинг Яшнобод тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Г. (аёл) фуқаро Б. билан бирга ишқий муносабатда бўлган фото ва видео тасвирларни интернет ижтимоий тармоқларида тарқатиш билан қўрқитиб, эвазига талаб қилган 85 миллион сўмдан 10 миллион сўмини ўзига тегишли бўлган пластик картага ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бундан ташқари, Г. жорий йилнинг март ойидан шу кунга қадар Б.ни ўзи томонидан тасвирга олинган фото ва видео тасвирларни тарқатиш билан қўрқитиб, унинг 200 миллион сўмдан ортиқ пулини товламачилик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА