Деҳқон бозоридаги нарх-наво ўрганилди
Андижон вилояти Пахтаобод тумани деҳқон бозоридаги нарх-наво, аҳолига яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
“Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш бўйича туман ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, туман Кенгаши доимий комиссия раислари, депутатлик гуруҳи раҳбарлари, партиялар фаоллари, ёшлар парламенти аъзоларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан туман марказий деҳқон бозорида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигига эришиш борасида амалга оширилган ишлар, ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, куз-қиш мавсуми учун озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари яратилганлиги бўйича ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганишлар якунлари бўйича бўлиб ўтган жамоатчилик муҳокамасида бозордаги ҳолат, турли йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
– Туман деҳқон бозорида нарх-наво барқарорлиги, аҳолига яратилган шарт-шароитлар, умуман, бозорда турли йўналишларда олиб бораётган ишлар ўрганилди, – дейди Ишчи гуруҳ аъзоси, Халқ депутатлари Пахтаобод туман Кенгаши депутати Омаджон Маматқулов. – Таъкидлаш керакки, деҳқон бозорида аҳолини асосий озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш, бозор ҳудудини ободонлаштириш, санитария-эпидемология қоидаларига риоя этиш бўйича ишлар белгиланган тартиблар асосида олиб борилмоқда.
Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида бозор ҳудудида “Элга хизмат” расталари ташкил этилиб, асосий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик махсулотлари арзонлаштирилган нархларда сотилиши йўлга қўйилган. Бундан ташқари, бозор маъмурияти ҳамда тадбиркорлар томонидан қиш ва келгуси баҳор мавсуми учун ҳозирга кунга қадар 220 тонна картошка, 560 тонна пиёз, 60 тонна сабзи захираси яратилган. Бу борадаги ишлар режа асосида давом эттирилмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасида Ишчи гуруҳ томонидан қиш ва баҳор мавсуми учун озиқ-овқат захираларини сифатли тарзда сақлаш, бу борада тадбиркорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, маҳсулотларнинг музлаб қолмаслиги, сотувчи ва харидорларга қулай бўлиши учун савдо павильонлар атрофини салафан билан ҳимоялаш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, умуман, қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан бозор маъмуриятига тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
[gallery-14630]
Шунингдек, муҳокамада бозордаги шарт-шароитларни янада яхшилаш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқа долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аниқланган камчиликлар бартараф этилишини назоратга олиш, бозор билан боғлиқ масалаларни туман Кенгашининг тегишли комиссияларида муҳокама қилиш, зарур масалаларни туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш зарурлиги қайд этилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилаётган бу каби ўрганишлар, жамоатчилик муҳокамаси ва назорати қатор йўналишлардаги ишлар сифати ҳамда самарадорлигини, мутасаддилар масъулиятини оширишга, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари