Деҳқончиликнинг долзарб вазифалари
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида кузги-қишки агротехник тадбирларнинг бажарилиши ва қишлоқ хўжалигида янги мавсумга тайёргарлик кўришнинг долзарб вазифаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида кузги-қишки агротехник тадбирларнинг бажарилиши ва қишлоқ хўжалигида янги мавсумга тайёргарлик кўришнинг долзарб вазифаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.Айни пайтда далаларда ерни текислаш, пуштани минерал ўғитлар билан биргаликда олиш, сув йўлларини тозалаш, маҳаллий ўғит жамғариш, ғалла парвариши, шарбат оқизиш, мевали дарахтларга чилла суви бериш каби агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича масъул ходимлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, фермерлар иштирок этган семинарда аграр тармоқда белгиланган ана шундай устувор йўналишлар бўйича Учқўрғон тумани тажрибаси ўрганилди.
Туманда 6 минг 970 гектар майдондаги ғаллага чилла суви бериш жадвал асосида ташкил этилиб, икки марта суғориш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, майдонларни ғўзапоядан тозалаш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, пушта олиш ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Жумладан, отряд усулида 18 минг 620 тонна маҳаллий ўғит жамғарилиб, ирригация-мелиорация ишлари 60 фоизга бажарилди.
Семинар қатнашчилари тумандаги “Мирзоҳид Шаҳзодбек”, “Гулхумор” фермер хўжаликларида бу борадаги ишларнинг бориши, туман марказий машина-трактор паркида қишлоқ хўжалиги техникаларини баҳорги экиш мавсумига тайёрлаш жараёнлари билан танишиб, тажриба алмашди.
Тадбирда бу каби семинарларни барча туманларда ташкил этиш, амалга оширилаётган ишлар юзасидан аниқ ҳисоботлар юритиш, қишки агротехник тадбирларни изчиллик билан давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Туман мисолида вилоятда пахта, ғалла етиштириш, ички бозорни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича 2015 йилда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Семинарда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.