Деҳқон меҳнатининг бирини тўққиз қиладиган палла
Пахтачиликда катта тажрибага эга деҳқонларимиз айни кунларда юксак хирмон учун пухта замин ҳозирламоқда. Ҳосилга ҳосил қўшиладиган август ойида ўтаётган ҳар бир иш кунини ғанимат билиб, ғўза қатор ораларига агротехник қоидалар асосида ишлов бермоқда.
Пахтачиликда катта тажрибага эга деҳқонларимиз айни кунларда юксак хирмон учун пухта замин ҳозирламоқда. Ҳосилга ҳосил қўшиладиган август ойида ўтаётган ҳар бир иш кунини ғанимат билиб, ғўза қатор ораларига агротехник қоидалар асосида ишлов бермоқда.Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 1 миллион 200 минг гектардан кўпроқ майдонда ғўза парваришлаётган пахтакорларимиз барча агротехник тадбирларни – ғўза майдонларига ишлов бериш ва озиқлантириш, суғориш, бегона ўтлардан тозалаш, чилпиш ва культивацияни деярли якунлаган.
Август ойи – деҳқон меҳнатининг бирини тўққиз қиладиган палла. Ғўза танасида тўпланган озуқа ҳосилнинг шаклланиши, кўсакларнинг бўлиқ бўлишига хизмат қилади. Ана шундай эътибор ва қулай об-ҳаво туфайли кўсаклар сони кун сайин ортмоқда. Галдаги вазифа эса ҳар бир даланинг ҳолатига қараб, дефолиацияни қисқа муддатда сифатли ўтказишдан иборат.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 августдаги "2017 йилда ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва самарали ўтказиш бўйича комплекс ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада дастуриламал бўлаётир.
Мутахассисларнинг фикрича, ғўза баргини сунъий тўктириш – йиғим-терим арафасидаги энг муҳим тадбирлардан бири. Бунда эгатдаги намликдан то дефолиантларнинг ғўза навига таъсирига қадар ҳаммаси ҳисобга олиниши лозим. Негаки кимёвий моддалар ҳар бир навга турлича таъсир қилади.
– Пахтакорлар олдида навбатдаги муҳим тадбир – ғўза баргларини сунъий тўктириш вазифаси турибди, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Сафар Пирназаров. – Пахта йиғим-терими олдидан барглар сунъий равишда тўктирилса, ғўза қатор ораларидан шабада ўтиши яхшиланади. Бундан ташқари, қуёш нури кўсакларга яхши тушиб, уларнинг барвақт етилиши ва очилиши учун шароит яратилади. Шу билан бирга, бу тадбир сифатли ўтказилса, юқори сифатли тола олиш имкони ошади. Ғўза касалликлари ва зараркунандаларига, айниқса, қора шира тушган майдонларга самарали таъсир этиб, кўсак ва толанинг чиришини камайтиради. Муҳими, бундай тадбир кузги дон экиш ва кузги-қишки юмушларни барвақт амалга оширишга шароит яратади.
– Ғўза дефолиацияси сифатли ўтиши машина ва қўл терими учун қулай шароит яратади, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бўлим бошлиғи Ренат Назаров. – Чунки дефолиация кўсакларнинг тўлиқ етилиши ва ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади. Шу боис бу тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш учун ўн мингга яқин ишчи отрядларга жалб этилди. Тўрт мингдан ортиқ техника, йигирма бешта самолёт шай ҳолатга келтирилди.
Терилган пахтани тайёрлов пунктларига ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш мақсадида зарур техника воситалари жалб этилади. Теримда ёнилғи маҳсулотлари таъминотида узилиш бўлмаслиги учун керакли даражада захира яратилди. Шунингдек, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини бевосита даланинг ўзига етказиб бериш учун мингга яқин ёнилғи тарқатиш агрегати шай қилиб қўйилди.