Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор вазифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, институт профессор-ўқитувчилари, Тошкент шаҳридаги Олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.
Давра суҳбатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини таҳлил қилиш ва мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари, айниқса, Давлат дастурининг бешинчи, яъни ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши 30 та ўта муҳим вазифани қамраб олгани билан аҳамиятли эканлигини эътироф этдилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янгилаш ва ҳар томонлама такомиллаштириш бўйича қўйилган вазифа ниҳоятда долзарб ва ўринлидир.
[gallery-1192]
Маълумки, амалдаги ташқи сиёсий фаолият концепцияси 2012 йилда қабул қилинган бўлиб, концептуал ҳужжат сифатида ўтган давр мобайнида мамлакатимиз прогрессив ташқи сиёсатининг асосий мақсад-вазифалари, устувор йўналишларини қайсидир маънода мужассам этган.
Ушбу концепцияни такомиллаштириш таклифи мамлакатимиз ташқи сиёсатининг прогрессив моҳиятини, кучайиб бораётган иқтисодий-дипломатик саъй-ҳаракатларни, очиқлик характерини дунёга намойиш этиш билан бевосита боғлиқдир.
Давлат дастурида Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва мазкур мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Трансафғон транспорт йўлаги барпо этиш борасида аниқ манзилли тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Трансафғон коридори барпо этилишидан Марказий Осиё ва Жанубий Осиёдаги барча мамлакатлар келгусида бирдек манфаат топади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг Покистон ва Ҳиндистон билан товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион доллардан ошмайди. Бунинг сабаби бизни ушбу мамлакатлар билан тўғридан-тўғри боғлайдиган транспорт йўлаги мавжуд эмаслигидир. Ваҳоланки, салкам 2 миллиард аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё мамлакатлари саноати тобора юксалиб бораётган Ўзбекистон учун улкан бозор вазифасини ўташи мумкин.
Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар, билдирилган фикр ва таклифлар асосида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
ЎзА