Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги асаларичиликка ихтисослашган Гулобод маҳалласи ҳудудида барпо этилган “Асаларичилик саноат зонаси” фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида алоҳида ўринга эга бўлган асаларичилик тармоғини бошқариш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни Республикамизнинг барча ҳудудларида татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Асалчилик марказини жойлаштиришда айнан Гулобод маҳалласи танланиши бежиз эса. Боиси, бу ҳудудда “Уста шогирд” анъанаси асосида асалчилик сир-синоатлари икки асрдан буён авлоддан авлодга ўтиб келади. Мазкур янги лойиҳа эса маҳаллага янги ва кенг имкониятларни беради. Ушбу марказ лойиҳа ташаббускорининг 3 миллиард сўмлик сармояси ҳисобидан амалга оширилиб, бу ерда йилига 250 тонна, қиймати эса қарийб 20 миллиард сўмлик табиий асал тайёрлаш имкони юзага келди. Энг муҳими, ҳудуддаги 5 та маҳалланинг 650 нафар ишсиз ёши иш билан таъминланади.
Юртимизда асаларичилик соҳаси эътибордан четда қолган эди. Президентимизнинг 2017 йил 16 октябридаги “Республикада асаларичиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан инқирозга келиб қолган бу соҳа қайта жонланди.
[gallery-8537]
2017 йилда асаларичилик билан шуғулланаётган субъектлар сони мингта бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 2000 тага етказилди. Вилоятда парваришланаётган асалари оилалари сони кейинги тўрт йилда икки баробарга кўпайиб, 210 минг тага етказилди. Шунингдек, асал етиштириш ҳажми 1400 тоннадан 4500 тоннага етказилди. Шу давр мобайнида асалари пакетлари экспорти уч баробарга ошди, жорий йилнинг ўзида ҳозиргача 200 минг дона асалари пакетлари экспорт қилинишига эришилди.
– Вилоят ва туман ҳокимликларининг “Маҳаллабай” ва “Хонадонбай” ўрганишлари маҳсули натижасида биз асаларичиларнинг елкасига ҳам шамол тегди, – дейди “Ирвадон асал савдо” хусусий корхонаси раҳбари Маҳмуджон Паттаев. – Биз узоқ йиллар давомида мана шундай шароитлар бўлишини истагандик. Мана, соҳамизга ғамхўрлик ўз самарасини берди ва шоурум, асал дўконлари, савдо-сотиқ расталари, шу ернинг ўзида асал ишлаб чиқаришга мўлжалланган махсус иш хоналари бўлган саноат зонасига эга бўлдик.
Асаларичилик маркази йилига 150 тонна асал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, йиллик экспорт ҳажмини 500 минг долларга етказиш режалаштирилган.
Мазкур марказ очилишида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА