– Дунё давлатларининг қарзи бир неча йилдан сўнг бутун жаҳон иқтисодиёти миқдоридан ортади, – деди Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Вашингтондаги чиқишида. – Фискал масалага тўхталадиган бўлсак, бир ҳақиқатни айтиш лозим: глобал давлат қарзи 2029 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотнинг 100 фоизидан ошади.
ХВЖ раҳбари таъкидлашича, қарз миқдори ўсиши биринчи навбатда бозор иқтисодиёти ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда давлат қарзи кўпайиши билан боғлиқ:
– Қарз ўсиши фоизли тўлов ортишига олиб келади, харажатга босим ўтказади, бошқа сарфни чеклайди ва ҳукуматнинг зарбани қабул қилиш қобилиятини кучсизлантиради. Ўрта муддатли истиқболда глобал иқтисодий ўсиш CОVID-19 пандемиясидан олдинги даражадан пасайиб, йилига уч фоиз атрофида бўлади. Глобал ноаниқлик кучайиб боради.
Георгиева АҚШнинг импортга тариф сиёсатига тўхталиб, бу чоралар глобал иқтисодиётнинг очиқлигига сезиларли таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Шу билан бирга тўлиқ таъсир ҳали сезилмаганига эътибор қаратди.

ХВЖ раҳбарининг сўзларига кўра, энди Қўшма Штатлар юқори инфляцияга дуч келади. Бу жараён пул-кредит сиёсати ва иқтисодий ўсишга таъсир қилади. Бошқа давлатлар АҚШ бозорига мўлжалланган товарлар оқими тезлашишини кутяпти. Натижада тариф оширилиши янги босқичга киради.
– Дунё ҳозирча ўзаро савдо уруши ҳолатига тушгани йўқ, – дея нутқини давом эттирган мулозим. – Шунга қарамай, очиқлик жиддий зарар кўрди. Бинобарин, АҚШ ҳали импортга тариф сиёсатини тугатмади. Келгусида яна қатор давлатлар учун бож миқдори ўзгариши мумкин. Шунингдек, олтинга талаб ортиб бораётгани ҳам ташвишли белги.

Кристалина Георгиева жаҳон иқтисодиёти барқарорлик синовига дучор бўлиш хавфи остида қолганидан ҳам хавотир билдирган:
– Глобал иқтисодиётнинг чидамлилиги ҳали тўлиқ синовдан ўтмади. Айни жараён яқин орада юз бериши мумкинлиги боис, хавотир аломати мавжуд. Ҳозир олтин захираси жаҳон расмий валюта захирасининг бешдан бир қисмига етди. Бу ҳолат қисман геосиёсий хавф омилини акс эттиради. Шунингдек, америкалик ёшларнинг ота-онасидан кўпроқ маош олиш имконияти пасайиб боряпти.
Таъкидланишича, бугунги кўп қутбли “тезкор ўзгарувчан” дунёда сиёсатчилар ўз фуқаролари, айниқса ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариши учун янада кўпроқ ҳаракат қилишлари керак.
ЎзА шарҳловчиси Саидмурод Раҳимов тайёрлади.