Давлат-хусусий шериклик тамойиллари – амалда
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2020-2021 йилларда давлат-хусусий тамойиллари қоидалари ва тартиб-таомиллари асосида 29 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан иш олиб борилмоқда.
Шундан 10 таси кластер тизимида фаолият юритиб келаётган хўжаликлар билан амалга оширилади. Улардан 5 таси якунланди, қолган 5 таси жорий йил якунида тугалланади. Шунингдек, 2021 йилда 9 та лойиҳани бошқа юридик шахслар билан ва 1 та лойиҳани хорижий ҳамкорлар билан амалга ошириш режалаштирилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган “Сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги фармони билан тасдиқланган сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тамойиллари асосида 2020 йилда 5 та, 2025 йилгача 25 та ва 2030 йилгача 50 та лойиҳани амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Таъкидланишича, белгилаб қўйилган мазкур вазифалардан келиб чиқиб, сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга йўналтириш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
ДХШ бўйича дастлабки лойиҳалар аллақачон самарасини бера бошлади. Хусусан, жорий йил июнь ойида Сирдарё мелиоратив экспедицияси билан “Сирдарё мелиоратив қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган қиймати 9 миллиард сўмлик ДХШ битими бўйича ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 1,5 миллиард сўмлик воситалар келтирилган. Бетон заводи, бетон қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда техникаларни таъмирлашни йўлга қўйиш натижасида 50 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 27 октябрда Чирчиқ – Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ирригация ва мелиорация объектларини “TCT AGRO CLASTER” масъулияти чекланган жамиятига ДХШ асосида бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича битим имзоланди.Ушбу лойиҳа бўйича барча ташкилий тадбирлар амалга оширилди.
Бир қатор лойиҳалар юзасидан ишлар давом эттирилмоқда. Мисол учун, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ирригация ва мелиорация объектлари ҳамда насос станцияларини, Тошкент вилояти насос станциялари ва энергетика бошқармаси таркибидаги “Хондайлиқ”, “Сойлиқ-1”, “Сойлиқ-2” насос станцияларини ДХШ асосида бошқарувга бериш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Фарғона вилояти Ёзёвон тумани “Толқудуққум” насос станциясини ДХШ асосида бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича концепция тасдиқланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА