Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони билан давлат хизматлари кўрсатишда Face-ID тизими жорий қилинади.
Бу қандай тизим ва қачондан жорий қилинади? Қайси давлат хизматлари проактив шаклга ўтказилмоқда?
Бу саволларга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари департаменти бошлиғи Санжар Абдуллаев жавоб берди:
– Президентимизнинг фармони билан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жуда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳада Face-ID тизими жорий қилинмоқда.
Face-ID тизими – бу бирор давлат хизматидан фойдаланмоқчи бўлган фуқарони унинг юзидан таниб, у ҳақидаги маълумотларни автоматик равишда аниқлайдиган тизим ҳисобланади.
Ҳозирда фуқаролар Давлат хизматлари марказига келганда, унинг шахсини аниқлаш учун паспорт ёки ID-карта талаб қилинади. Face-ID тизими жорий этилса, ушбу ҳужжатларга ҳам зарурат бўлмайди, тизимнинг ўзи фуқаронинг кимлигини аниқлаб беради.
Айтиб ўтиш керакки, соҳадаги ислоҳотлар натижасида кейинги беш йил давомида давлат хизматлари кўрсатишда талаб қилинадиган ҳужжатлар сони икки баробарга камайди.
2024 йил якунига қадар давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади ва фуқаролардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмайди. Ушбу ўзгаришлар, албатта, фуқароларнинг вақтини ва маблағини тежашга хизмат қилади.
Фармон билан 11 турдаги давлат хизмати проактив шаклда кўрсатилиши назарда тутилган.
Проактив хизмат – бу фуқаролар давлат органига қайсидир хизматни олиш учун мурожаат қилмаса ҳам бу хизматни давлатнинг ўзи амалга оширади.
Ҳозирги кунда кўплаб давлат хизматидан фойдаланиш учун фуқародан ариза талаб қилинади. Проактив хизматлар доирасига кирадиган хизматлар учун эса ариза талаб қилинмайди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Y3oFMKNPHuQ" title="Davlat xizmatlari ko‘rsatishda Face-ID tizimi joriy qilinadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
2024 йил 1 июлдан проактив шаклга ўтказиладиган давлат хизматлари доираси кенгайтирилди. Буларга табиий газ, ичимлик суви, иссиқ сув, электр энергияси каби ресурсларни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини қиёслашдан ўтказиш, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш, миллий тоифали спорт ҳаками тоифасини бериш, спорт-таълим муассасасининг бир неча хилдаги малака тоифаларини олиш каби хизматлар проактив шаклда амалга оширилади.
Бу фуқароларга яратилган катта қулайлик ҳисобланади. Чунки шу пайтгача ҳисоблагични вақтида стандарт органларидан қиёслашдан ўтказмаганлик учун жарима мавжуд эди. Эндиликда бу каби ҳолатларга барҳам берилади.
Норгул Абдураимова,
Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА