Давлат хизматига танловлар очиқ бўлмоқда
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 майда қабул қилинган “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Давлат хизмати тизими фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, давлат органлари ва ташкилотларига очиқ танлов орқали ишга қабул қилиш, давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий ахлоқ-одобни, коррупцияга қарши туриш, ходимларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш замонавий бошқарув ислоҳотларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Бошқарув кадрларини танлаб олиш, саралаш йўналишида белгиланган вазифалар ижроси давлат бошқарувини замон талаби даражасига чиқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали раҳбарининг ўринбосари Иброҳим Ҳожиев. – Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг олдини олиш, унга барҳам бериш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида, давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши ва унинг тартиблари алоҳида белгилаб қўйилган. Бугунги кунда вилоятимиздаги 43 та давлат орган ва ташкилотда ходимларни vacancy.argos.uz портали орқали очиқ танлов билан ишга қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилган.

Шу йилнинг 1 апрель ҳолатига Наманган вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд 3 минг 131 та вакант штат бирлиги бўйича танловлар эълон қилинди. Ушбу вакант лавозимлар учун 20 минг 882 нафар талабгорнинг ҳужжатлари электрон шаклда келиб тушган бўлиб, номзодларнинг 7 минг 585 нафари тест, 5 минг 456 нафари эса суҳбат босқичига ўтказилиб, натижаси бўйича жами 2 минг 302 талабгор танлов ғолиби, деб топилди. 580 та вакант лавозим амалда ўз эгасини топмай, қайта танловга қўйилган.
Танловларнинг ўтказилиши юзасидан фуқаролар томонидан 2022 йил 1 апрель ҳолатига вилоят филиалига жами 1 минг 222 та мурожаат келиб тушган. Шулардан учтаси Президентнинг виртуал қабулхонаси, иккитаси Адлия вазирлиги ишонч телефони, биттаси филиал раҳбарига ариза, яна биттаси Давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот портали (my.argos.uz), иккитаси “murojaat_argos” ва 1 минг 213 таси “Vacancy_argos|Murojaatlar” боти орқали келиб тушган мурожаатларни ташкил этади.
Мурожаатлар тури бўйича таҳлил қилинганда, 516 та иш, 96 та тест, 156 та танлов босқичлари тўғрисида хабардорлик, иккита келишув, 37 та танлов жараёнидан норозилик, 16 та таклиф, 139 та “oneID”дан рўйхатдан ўтиш ва 252 та бошқа масалалардаги мурожаатлар ҳисобланади.

Коррупциянинг олдини олишда Президент ҳузуридаги Агентлик томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар, давлат органлари ва ташкилотларида вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловларни ташкил этиш ва ўтказиш, vacancy.argos.uz порталидан фойдаланиш, давлат хизматчиларини онлайн малака ошириши учун ташкил этилган ilm.argos.uz платформаси ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари ва фуқаролар учун — my.argos.uz портали, шунингдек, kadr.argos.uz платформасининг юритилиши тўғрисида маълумотлар берилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА