Давлат хизматида минглаб манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланмоқда
Буни қандай бартараф этиш мумкин?
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Давлат органлари ва ташкилотларда манфаатлар тўқнашуви учраб туриши сир эмас. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу масалага қандай қарайди ёки шундай ҳолатларга қарши қандай курашади?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Равшан Юлдашев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Давлат органи ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига барҳам беришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари жорий этилиши кун тартибининг бошида турибди. Зеро, айнан шу механизм давлат хизмати тизимида коррупциянинг олдини олишнинг самарали усули бўлиши шубҳасиз.
Ҳар қандай манфаатлар тўқнашуви ҳолатларидаги коллизиялар қонунийлик ва давлат институтларига бўлган ишончни пасайтиради ҳамда одамларда давлат фаолияти самарадорлиги ҳақида салбий тасаввурни шакллантиради.
Шу боис манфаатлар тўқнашувининг олдини олишнинг самарали тизимини яратиш, бу борада кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий илғор тажрибани ўрганиш орқали ушбу йўналишдаги стандартларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.
Жаҳон амалиётида “манфаатлар тўқнашуви” атамасига оид турли таърифлар мавжуд. Бироқ, уларнинг мазмун-моҳияти бир-бирига яқин, яъни мансабдор шахснинг давлат мажбурияти ва шахсий манфаатлари ўртасидаги зиддият – шахсий манфаатдорлик мансабдор шахснинг хизмат вазифалари ва мажбуриятларини лозим даражада бажаришга таъсир кўрсатиши сифатида изоҳланади.
Хусусан, БМТ Коррупцияга қарши конвенциясининг давлат сектори, давлат мансабдор шахсларининг одоб-ахлоқ кодекси ва хусусий секторга оид моддаларида давлат ва хусусий секторларда манфаатлар коллизияси ҳақида огоҳлантириш ва ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни давлат томонидан қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги белгиланган.
Хорижий мамлакатларнинг миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида бу алоҳида қонунлар билан тартибга солинган. Жумладан, Чехия ва Латвия Республикаларининг манфаатлар тўқнашувини бошқаришга оид қонунчилигида давлат мансабдор шахсларга нисбатан чекловлар, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ҳамда ушбу соҳада ваколатли давлат органлари белгиланган.
– Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувини аниқлаяптими, бунга қарши қандай курашмоқда?
– Агентлигимиз ўтказилган ўрганишларда давлат хизматида минглаб манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик ҳолатларини аниқланган.
Бироқ, ҳозиргача манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг ҳуқуқий асоси ёки унга йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмагани сабабли уларни бартараф этишда қийинчиликлар юзага келмоқда.
Шу нуқтаи назардан “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Уни қабул қилишнинг долзарблиги, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари қонун даражасида мустаҳкамланишининг давлат ва жамият бошқаруви учун қанчалик муҳимлиги яққол намоён бўлмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, манфаатлар тўқнашуви тушунчасига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда таъриф берилди. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.
Мазкур қонуннинг 21-моддасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги лозим.
Шунингдек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, уларга риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат ўтказилишини таъминлаш давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар сифатида белгиланган.
Мазкур қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви бўйича умумий қоидалар белгиланган бўлсада, уни аниқлаш ва тартибга солишнинг аниқ механизмлари белгиланмаган.
– Демак, “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ушбу йўналишдаги муаммоларга қарши курашиш механизми аниқлаштирилган. Шундайми?
– Дарҳақиқат, лойиҳада манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муаммоларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари аниқ белгиланган.
Манфаатлар тўқнашуви тушунчасига аниқ таъриф берилган бўлиб, унга кўра, манфаатлар тўқнашуви давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган вазият, дея таъриф берилмоқда.
Давлат ташкилоти ходимлари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чоралар устидан юқори турувчи давлат ташкилотига, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда.
Давлат ташкилоти ходимлари мавжуд манфаатлар тўқнашувида ўзининг иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилинишидан олдин бевосита раҳбарига ёки махсус бўлинмага хабар бериши керак. Бундан ташқари, давлат ташкилотининг бошқа ходимлари бўйича ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериши мажбурий этиб белгиланмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда.
Агентликка давлат ташкилотларининг манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш юклатилмоқда. Бу борада давлат ташкилотининг фаолияти ўрганилади, аниқланган ҳолатлар ҳақида хабарнома, тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация ҳамда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди.
Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, битим, буйруқ ва бошқа ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида давлат ташкилотига тақдимнома ёки уларни ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича судга даъво киритиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда.
Манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, давлат органи ходимларининг манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги учун – БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин. (Такроран бўлса – БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача), мансабдор шахсларнинг ушбу вазиятни тартибга солмаганлиги учун – БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима (такроран бўлса – БҲМнинг 10 баравардан 15 бараваригача) жазосини белгилаш назарда тутилмоқда.
Бунда маъмурий баённома тузиш ва судга юбориш ваколати Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилмоқда.
Яқинда мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларида коррупциявий омилларнинг камайишига, давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга хизмат қилади. Бундай ҳолатларни аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилаш, давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олдини олишга замин яратади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди